Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мурожаатлар ижроси амалда ва назоратда
12:13 / 2025-07-11

Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда аҳоли билан ишлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш ва давлат идораларининг фуқароларга хизмат кўрсатиш самарадорлиги кескин танқид қилинган эди. Жумладан, халқ қабулхоналари аҳоли муаммоларини ечиш ўрнига, мурожаатларни ташкилотлар ўртасида қайта тақсимловчи “диспетчер”га айланиб қолгани ва бу тизимдаги ходимлар масъулиятсизликка йўл қўяётгани таъкидланди.

Президент томонидан берилган топшириқларга кўра, эндиликда Халқ қабулхоналарига туман ва вилоят ҳокимлари бевосита раҳбарлик қилиши шарт этиб белгиланди. Шу билан бирга, ҳар бир ҳоким иш кунини фуқароларни қабул қилиш, уларнинг дарди, ташвишларини эшитиш ва аниқ ечимлар топишдан бошлаши лозимлиги қайд этилди.

Ана шу талаблар ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раҳбарлигида вилоятда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш ҳолати танқидий таҳлил қилинди. Президент виртуал қабулхонаси ва халқ қабулхоналари орқали келиб тушаётган мурожаатларнинг ижроси соҳалар кесимида кўриб чиқилди.

Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2025 йил 1 июлига қадар Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасига 1 428 та мурожаат келиб тушган. Шундан 66 фоизи ижобий ечим топган. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида бу кўрсаткич 68,5 фоизни, иқтисодиёт ва молия тизимида эса 69,4 фоизни ташкил этган. Айниқса, ер муносабатлари ва мулк ҳуқуқлари соҳасидаги мурожаатлар фуқаролар учун энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. Бу йўналишда келиб тушган мурожаатлардан атиги 66,4 фоизи ижобий ҳал этилган. Мазкур ҳолат кадастр агентлиги ва мулк ҳуқуқларини муҳофаза қилишга масъул органлар фаолиятида жиддий камчиликлар мавжудлигини кўрсатади.

Йиғилишда айрим раҳбарлар мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократик ёндашиб, масъулиятсизликка йўл қўяётгани, маҳаллий ташкилотларнинг қуйи бўғинлари фаолияти етарлича назорат қилинмаётгани танқид қилинди.

Вилоят раҳбари Эркинжон Турдимов фуқаро мурожаатини халқнинг раҳбарларга ва уларнинг фаолиятига берган баҳоси сифатида баҳолар экан, уни ўз вақтида ҳал этмаслик ишончни йўқотишга сабаб бўлишини таъкидлади. Йиғилиш якунида бир қатор аниқ вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, ҳар бир мурожаат юзасидан тегишли соҳанинг биринчи раҳбари шахсан жавобгар эканлиги қайд этилди.  

Мурожаатларни таҳлил қилишда фақат рақамлар эмас, балки ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири тургани инобатга олиниши шартлиги, ҳал этилмаган мурожаатлар юзасидан таҳлил ва манзилли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш зарурлиги белгиланди.

Ғулом Примов,

Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат) ЎзА мухбирлари