Кейинги йилларда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва унинг ҳудудлардаги тузилмалари томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Буни истеъмолчилар мурожаатларининг ижобий ечим топаётганлигида ҳам кўриш мумкин.
Карманалик Меҳриддин Хайриддинов ҳам Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Кармана туман жамиятига мурожаат қилади. Мурожаатда баён қилинишича, М.Хайриддинов “Биллур” автосалонидан “Кобальт” автомашинасини харид қилади. Аммо автомашинанинг мотор қисмида носозликлар мавжуд бўлиб, бир неча бор таъмирлатишига тўғри келади. Шунга қарамай, мотордан мой оқиши тўхтамади.
Шундан кейин автосалон раҳбариятидан носоз машинани таъмирлаб ёки янги автомашинага алмаштириб беришини сўрайди. Мурожаати эътиборсиз қолдирилганидан кейин Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг Кармана туман жамиятига мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Жамият мутахассисларининг олиб борган ўрганишлари ҳамда томонларга амалдаги қонунчилик талаблари ва мажбуриятлари тушунтирилгандан сўнг, М. Хайриддиновга автомашинанинг мотор қисми 21 миллион 945 минг сўмга алмаштириб берилади.
Яна бир мурожаатда келтирилишича, Навбаҳор туманидаги “Янги авлод” маҳалласида истиқомат қилувчи Ботир Мавлонов Андижон вилояти Асака туманида яшовчи Отабек Содиқовдан 2,3 миллион сўмга қозонлар тўпламини сотиб олади. Аммо маҳсулот бозор нархидан анча қиммат ва сифатсиз эканлиги маълум бўлгач, тўланган маблағни қайтариб беришини сўрайди. Аммо мурожаати жавобсиз қолади.
Туман жамияти ходимлари аралашувидан кейингина муаммо ижобий ҳал этилиб, фуқарога 2,3 миллион сўм маблағ қайтариб берилди.
А. Бўриев, ЎзА