Бугунги кунда аҳолининг турли қатламлари билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, муаммоларни аниқлаш ва уларни жойида бартараф этиш долзарб вазифалардан биридир. Шундан келиб чиқиб, “Ҳудуд газ Наманган” газ таъминоти филиали раҳбарияти томонидан Наманган вилоятининг Чуст туманида сайёр қабул ташкил этилди. Халқ билан мулоқотда филиал директорининг ўринбосари Иброҳимжон Мамажонов ҳамда туман газ таъминоти бўлими мутасаддилари Деҳқонобод маҳалла аҳлининг мурожаатларига қулоқ тутди.
Сайёр қабул газ таъминоти корхонаси ҳамда истеъмолчилар ўртасида таъсирчан ва самарали очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, унда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари кўтарган масалалар эшитилиб, муаммолар тегишли тартибда жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.

Тадбир давомида аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши каби бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, истеъмолчиларнинг табиий газдан оқилона ва хавфсизлик техникаси қоидаларига риоя қилган ҳолда фойдаланиш, хонадонлардаги газ ускуналари ҳолатини кўрикдан ўтказиш бўйича тушунчалар берилди.
Қабулда иштирок этган фуқаролар томонидан “ID” карта олиш, суюлтирилган газни етказиб бериш муддатларини кўриб чиқиш, қўшимча маиший газ баллон олиш масаласида мурожаатлар тингланди. Аҳолига амалга оширилаётган ишлар тўғрисида тушунтиришлар бериш билан бирга мурожаатларга ижобий ечим топилди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.