Мамлакатимизда фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Шу жиҳатдан, Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушаётган мурожаатларни ўз вақтида, холис ва самарали кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу ҳақда агентликнинг мурожаатлар билан ишлаш бўйича бош мутахассиси Ўткир Тўраев қуйидагиларни таъкидлади:
– Таъкидлаш керакки, ташкилотимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш жараёнларини янада такомиллаштириш, фуқаролар учун қулай ва очиқ мулоқот муҳитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мурожаатларни қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказиш жараёнлари тизимли ташкил этилган бўлиб, бу уларни ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда шаффофликни таъминлашга хизмат қилмоқда.
Таҳлилларга эътибор берадиган бўлсак, 2025 йилда ташкилотимизга жисмоний ва юридик шахслардан жами 439 та мурожаат келиб тушди. Улардан 217 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали, 222 таси эса тўғридан тўғри ёзма, оғзаки ҳамда электрон шаклда юборилган. Уларнинг 407 таси жисмоний шахслар, 32 таси юридик шахслар томонидан тақдим этилган.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, Тошкент шаҳридан 89 та, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларидан 19 тадан, Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятлардан жами 312 та мурожаат келиб тушгани қайд этилди.
Кўриб чиқилган мурожаатларнинг 347 таси, яъни 83,4 фоизи қаноатлантирилган, 60 та мурожаат бўйича тушунтириш берилган. Айни пайтда 3 та мурожаат кўриб чиқилмоқда.
Бугунги кунда фуқаролар билан самарали мулоқотни таъминлаш мақсадида агентликда ишонч телефони фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, ўтган йилда 4500 дан ортиқ қўнғироқ қабул қилинди. Шунингдек, расмий веб-сайтимиздаги онлайн маслаҳат хизмати орқали 1900 нафар фуқарога реал вақт режимида консультатив ёрдам кўрсатилди.
Аҳамиятлиси, шахсий ва сайёр қабулларнинг мунтазам ўтказилиши эса жойларда мавжуд муаммоларни бевосита эшитиш, уларга тезкор ва манзилли ечимлар топиш имконини бермоқда. Мурожаатларни белгиланган муддатларда, қонунчилик талаблари асосида кўриб чиқиш ва натижалари ҳақида мурожаат этувчиларни хабардор қилиш ишлари доимий назоратда сақланмоқда. Бу ишлар натижасида тизимда қулайлик, очиқлик ва самарадорлик таъминланиб, фуқароларнинг давлат органига бўлган ишончи янада мустаҳкамланмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА