Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мурожаатлар билан боғлиқ қўпол қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 385 жиноят иши қўзғатилди – Бош прокуратура
10:08 / 2024-02-02

Прокуратура органларига ўтган йилда 463 минг 626 мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 264 минг 504 таси бевосита прокуратура органларида ҳал этилган.

Мазкур мурожаатларнинг 60 минг 534 таси қаноатлантирилган. 4 минг 212 таси рад қилинган. 200 мингга яқин мурожаатга ҳуқуқий тушунтириш берилган, 164 мингдан зиёд мурожаат тааллуқлилиги бўйича бошқа идораларга юборилган.  

Бош прокуратура матбуот хизматидан маълум қилишларича, мурожаатларнинг муддатида, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишини ҳамда қонунбузилишига йўл қўйган айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарлигини таъминлашга қаратилган назорат тадбирларини тизимли равишда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.    

Хусусан, мурожаатларни кўриб чиқиш мобайнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича ноқонуний ҳужжатларга 674  протест келтирилди.  

Қонунбузилишларни бартараф этиш ҳақида 210 тақдимнома, 26,4 миллиард сўм зарарни ундириш ҳақида судларга 508 ариза киритилди. 712 нафар шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилди. Қўпол қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 385 жиноят иши қўзғатилди.  

Кўрилган чоралар натижасида 52 минг 408 нафар шахснинг бузилган ҳуқуқлари прокурорлар томонидан тикланди.  

Жисмоний шахслар ҳамда юридик шахсларнинг вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти веб-сайти, Ишонч телефони, Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали йўлланган мурожаатлар кўриб чиқилишига алоҳида эътибор қаратилди.  

Жумладан, Президент Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали прокуратура органларига келиб тушган жами 159 минг 130 мурожаатдан 143 мингдан зиёди кўриб чиқилиб, шундан қарийб 75 мингтаси қаноатлантирилган. 66 минг 636 таси бўйича тушунтиришлар берилган, 1,5 мингга яқини рад қилинган, 340 таси кўрмасдан қолдирилган ва 4 минг 799 таси тугатилган.  

Мурожаатларни телефон орқали қабул қилиш маркази (1007 рақамли ишонч телефони)га ушбу даврда келиб тушган мурожаатлар сони 104 минг 354 тани ташкил этган. Мурожаатларнинг 19 минг 637 таси ҳал этилган бўлиб, шундан 2 мингдан зиёди қаноатлантирилган. 17 минг 312 таси бўйича тушунтириш берилган, 192 таси рад қилинган, 99 мурожаат  кўрмасдан  қолдирилган.  

Тадбиркорлар виртуал офисидан келиб тушган мурожаатлар 1 минг 850 тани ташкил этиб, улардан 1 минг 405 таси ҳал қилинган. 151 таси қаноатлантирилган, 1 минг 239 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган ва 15 таси рад этилган.  

Бундан ташқари, жисмоний ва юридик шахсларнинг қабулига, шу жумладан, уларни бевосита прокурорлар томонидан жойларда қабул қилинишига жиддий эътибор қаратилиб, 360 минг 300 нафар шахснинг қабули таъминланди.  

Бош прокуратура раҳбарияти томонидан жами 869 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилиниб, мурожаатларнинг қонуний ҳал қилиниши таъминланган.  

Н.Абдураимова, ЎзА