Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муроджон ва Диёра – 2023 йилнинг энг яхши дзюдочилари
12:08 / 2023-12-26

Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон дзюдо федерациясининг йил сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида юртимиз дзюдочилари томонидан 2023 йил давомидаги халқаро мусобақаларда 320 та медаллар шодаси қўлга киритилгани эълон қилинди.

Жорий йилги натижалар ва янги йил режалари хусусида сўз борган анжуман аввалида федерация бош котиби Азизжон Собиров йил давомида амалга оширилган ишлар бўйича тақдимот ўтказди. 

Тақдимотда ўтган давр мобайнида турли ёш тоифаларидаги халқаро мусобақаларда мамлакатимиз дзюдочилари 99 та олтин, 72 та кумуш ва 149 та бронза медалларига сазовор бўлгани, мамлакатимизда фаолият юритаётган дзюдо мактабларининг ҳолати, маҳоратли спортчилар сафини кенгайтириш борасидаги ишлар таҳлил этилди. 

Анжуманда Ўзбекистон терма жамоасининг 2023 йилги жаҳон чемпионатида 4 та медаль қўлга киритгани, Осиё ўйинларида илк бора 3 та олтин медаль жамғарилгани, спортчиларимизнинг 12 йиллик танаффусдан кейин “Мастерс” турнирида олтин медалга эга чиққани йилнинг муҳим жиҳатлари бўлгани айтиб ўтилди. 

Пойтахтимизда “Катта дубулға” турнири, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё кубоги ва қитъа биринчилиги юқори савияда ўтказилгани таъкидланиб, юртимизда янги очиладиган дзюдо академияси, "Париж-2024" Олимпиадаси йўлидаги турнирлар ва бошқа кўплаб мавзуларда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди. 

Савол-жавобларга бой тарзда кечган матбуот анжумани сўнггида 2023 йилни муносиб ютуқлар билан якунлаётган спортчилар, мураббийлар ва мутахассислар тақдирланди. 

Жаҳон чемпионати ва Осиё ўйинларида юксак натижаларга эришган Муроджон Йўлдошев ва Диёра Келдиёрова ортда қолаётган йилнинг энг яхшилари сифатида эътироф этилди. 

Т. Рўзиев, ЎзА