Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муродил яна мактабга қайтди
15:35 / 2025-06-12

Ижтимоий кўмак. Ҳукуматимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган бу хизмат ортидан бугун йиллар давомида умидсизликдан чўкиб қолган қанчадан қанча қалбларга нур кириб бормоқда.

Масалан Қашқадарё вилояти Ғузор тумани “Яккадарахт” маҳалласида яшовчи Муродил Абдуназаров тақдирнинг аччиқ қисмати туфайли бир оёғидан ажралган. Эндигина 16 ёшни қарши олган қаҳрамонимиз, шу машъум қисмат туфайли деярли кўчага чиқмас, таълимни ҳам уйида олишга мажбур эди. 

Маҳалладаги ижтимоий ходим Шуҳрат Юлдошев унинг жонига оро кирди. Ижтимоий ходим томонидан оиланинг муаммолари ўрганилди ва Муродилга ваучер орқали протез олишига кўмаклашилди.

Кўрсатилган беминнат ёрдам ортидан Муродил яна ҳаётга қайтди, тенгқурлари қатори мактабга бориб таълим ола бошлади, орзу умидлари қайтадан жонланди. Ўзига бўлган ишончи ортди. Яна илгаригидек ўртоқларига қўшилди. Ижтимоийлашуви таъминланди.

– Мактабга синфдошларим билан келиб ўқишни қанчалар орзу қилганимни билсангиз эди, – дейди Муродил. – Дарсларда фаол қатнашяпман. Келажакда IT соҳаси бўйича шуғулланиб, ўз бизнесимни йўлга қўйишни мақсад қилганман. Ҳукуматимизни мен каби имконияти чекланган фуқароларга кўрсатган эътиборидан бағоятда миннатдорман. Бу ёрдам тақдиримни ўзгартириб юборди. Албатта келгусида ўз иқтидорим ва салоҳиятимни ошириш орқали муносиб жавоб қайтараман.

Таъкидлаш лозимки, давлатимиз томонидан тақдим этилаётган ушбу маҳсулотлар сабабли имконияти чекланган шахсларнинг ижтимоийлашуви ошиб бормоқда. Хусусан, маълумотларга кўра, Қашқадарё вилоятида жорий йилнинг ўтган 5 ойи мобайнида 4 минг 894 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ва кекса ёшдаги муҳтож фуқаролар реабилитация қилишнинг техник воситалари ҳамда протез-ортопедия мосламалари билан таъминланган.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири