Бухоро вилояти Шофиркон туманида юқори технологик буйрак жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди.
1991 йили туғилган бемор М.С. сўнгги беш йил давомида касалликдан азият чекиб келган бўлиб, ўнг бел соҳасидаги доимий оғриқлар билан шикоят қилган. Мутахассислар томонидан беморга юқори технологик жарроҳлик амалиёти – “Ўнг буйрак юқори қутби кистасини лапароскопик усулда олиб ташлаш” операцияси муваффақиятли бажарилди. Мазкур турдаги мураккаб операциялар авваллари асосан Республика Урология маркази ва унинг филиалларида амалга оширилган бўлса, эндиликда бундай жарроҳлик амалиётлари Шофиркон туман тиббиёт бирлашмасида ҳам йўлга қўйилди.

Жарроҳлик амалиётида Туркиянинг Анқара шаҳридаги нуфузли клиникаларда малака ошириб қайтган малакали мутахассис, уролог-жарроҳ Бекзод Рофиев ва Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали уролог шифокори Шоҳрух Холовнинг хизматлари катта бўлди.
– Авваллари бу турдаги операциялар катта кесмалар орқали бажарилган бўлса, ҳозирда эса замонавий лапароскопик усул қўлланилмоқда. Бу усулда беморнинг соғайиш жараёни анча тез кечади. Оғриқ синдроми кам бўлади ҳамда операциядан кейин 2-3 кун ичида бемор уйига жавоб берилиб, қисқа муддатда меҳнат фаолиятини тиклаш имконига эга бўлади, – дейди уролог-жарроҳ Бекзод Рофиев.
Шофирконда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган бундай ютуқлар аҳолига юқори сифатли, замонавий тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.