Бухорода “Саломатлик кунлари” ижтимоий акцияси доирасида “Инсон қадри учун” шиори остида тиббий кўрик ўтказилди.
Тиббий кўрикда 2016 йилда туғилган Муҳаррам Аҳадовада мутахассислар томонидан “Ўнг ўпка асоратланган гигант эхинококкози ва жигар эхинококкози” ташхиси аниқланган. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шошилинч болалар хирургияси бўлим мудири Н. Ўрмонов ва филиал болалар жароҳатлари хирургияси бўлими мудири А.Мансуровлар томонидан бемор бола барча зарурий инструментал ва лаборатор текширувлардан ўтказилди. Мураккаб жарроҳлик амалиётига тайёрланди. Мутахассислар болада юқори технологияли торакотомия, ўпка асоратланган эхинококкэктомия жарроҳлик амалиётини ўтказди.
– Операция муваффақиятли амалга оширилди, – дейди бўлим мудири Н. Ўрмонов. – Беморнинг ҳаётида ижобий ўзгаришлар кузатилди. Ҳозирги кунда унинг аҳволи қониқарли. Эхинококкоз касаллиги одам ва ҳайвонларда учрайдиган паразитар касалликдир. Эхинококкоз қадимдан маълум Гиппократ асарларида ҳам жигар эхинококкозига оид илк маълумотлар бор. Кейинчалик эхинококкоз қўзғатувчиси паразитар табиатга эга эканлиги аниқланган. Уй ҳайвонлари ҳисобланган ит ва мушуклардан гелминт тухуми тушган озиқ-овқат ва сув орқали одам организмига ўтади.
Эхинококкоз одамдан одамга бевосита юқмайди. Эхинококк тухуми одам, уй ҳайвонлари ичагидан қонга ўтади. Қон билан жигар, ўпка, бош мия ва бошқаларга бориб у ерда эхинококк пуфакчаси-кистага айланади. Агар киста кўп хонали (камерали) бўлса уни альвеококкоз дейилади. Кисталар катталашиб атрофдаги тўқимани сиқиб қўяди. Натижада аъзо атрофияга учраб фаолияти бузилади. Агар у ёрилса ичидаги суюқликнинг сўрилиши бутун организмнинг заҳарланишига олиб келиши мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА