Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мураккаб жарроҳлик амалиёти амалга оширилди
11:36 / 2026-01-08

Янгиер шаҳрида тиббий хизматлар сифатини янада ривожлантириш ва юқори технологияли операцияларни маҳаллий даражада амалга ошириш мақсадида Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасида илк маротаба қорин бўшлиғида жойлашган жигар ва диафрагма соҳаларида юқори технологик жарроҳлик амалиётлари ўтказилди.

Бугунги кунга қадар ушбу тур операциялар вилоят ва республика клиникаларида амалга оширилган бўлса, эндиликда Янгиерда ҳам бу турдаги жарроҳлик амалиётлари тизимли равишда йўлга қўйилди.

Мазкур жарроҳлик амалиётини шаҳар тиббиёт бирлашмаси малакали мутахассислари пойтахтдан ташриф буюрган лапароскопик бариатрик жарроҳ, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор Улуғбек Аллаяров билан ҳамкорликда амалга оширишди.

Шу билан бирга, Янгиерда яшовчи фуқаро Санжар Ҳошиевда лапароскопик эхинакоккэктомия, қорин бўшлиғи чандиқларини ажратиш, киста бўшлиғи ҳамда  кичик чаноқни найчалаш амалиёти бажарилди.

–   Жигар ва диафрагма соҳаларида амалга оширилган юқори технологияли операциянинг аҳамияти шундаки, у анча мураккабликка эга бўлиб, кўплаб анатомик ва физиологик жиҳатларни ҳисобга олишни талаб қилади, –   дейди Улуғбек Аллаяров. –   Жигарнинг юқори сегментлари ва диафрагманинг қизилўнгач қисми турли қон томирлари ва муҳим структуралар билан яқин жойлашганлиги туфайли минимал инвазив усулларда ҳам юқори малакали жарроҳликни талаб қилади. Лапароскопик усулларни қўллаш беморнинг тикланиш муддатини қисқартиради, жарроҳлик травмасини камайтиради ва операциядан сўнг тезда тикланиш имконини беради.

Энг муҳими, беморларнинг умумий аҳволи яхши. Улар маълум бир вақт шифокорлар назорати остида даво муолажаларини олгандан сўнг, уйларига жавоб берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири