Бухоро вилояти Шофиркон туманининг Бобоато маҳалласида яшовчи Малоҳат Муродова бир неча йиллар давомида оёқдаги оғриқлар, ҳаракатланишда ноқулайликлар ва юришда қийналишдан азият чекиб келгани сабаб, шифо истаб Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларига мурожаат қилди.
Пойтахтда ўтказилган тиббий текширувлар ва малакали шифокорлар томонидан берилган тавсиялар асосида бемор ўз ҳудудида Шофиркон тумани тиббиёт бирлашмасида даволанишни давом эттиришга қарор қилди.
Жарроҳлик амалиёти туман тиббиёт бирлашмасига Тошкент шаҳридан келган тажрибали шифокор, ортопед-травматолог Абдуллоҳ Ҳафизов бошчилигида, туман бирлашмасининг юқори малакали жарроҳлари ҳамкорлигида амалга оширилди. Беморга ўнг чаноқ-сон бўғимининг тотал эндопротезлаш амалиёти — ЖРИ (Буюк Британия) эндопротези ёрдамида муваффақиятли ўрнатилди.

Мазкур мураккаб ва юқори технологик операциянинг маҳаллий муассасада ўтказилгани тиббиёт бирлашмасида яратилган замонавий инфратузилма, илғор тиббий жиҳозлар, малакали мутахассислар ва уларнинг доимий касбий ривожланиши натижасидир.
– Аввало, давлат раҳбарига раҳмат, чекка ҳудудда беморлар учун мана шундай замонавий шароит яратиб бергани учун. Тиббиёт бирлашмаси мутахассисларига чуқур миннатдорлик билдираман. Ўз вақтида кўрсатилган юқори малакали тиббий ёрдам ҳаёт сифати ва ҳаракатланиш имкониятимни сезиларли даражада яхшилади, – дейди Малоҳат Муродова.
Зариф Комилов, ЎзА