Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муқобил энергия саноат корхонасига самара келтирмоқда
16:05 / 2023-09-26

Президент топшириқлари амалда

Бугунги энерготақчиллик кузатилаётган замонда муқобил энергия манбаларидан оқилона фойдаланиш саноат корхоналарида ишлаб чиқариш ҳажми ва самарадорлигини оширишда алоҳида аҳамият касб этади.  

Айни муҳим жиҳатга оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар Наманганда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳамда Энергетика вазирлиги ҳамкорлигида уюштирилган пресс-тур давомида амин бўлишди.

Тадбир иштирокчилари Чуст туманининг Чустнон-Дўстларобод массивида жойлашган, умумий қиймати 60 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи “Namangan sement” масъулияти чекланган жамиятида амалга оширилаётган хайрли ишлар, портланд цемент ишлаб чиқариш жараёнлари ва заводнинг келгусидаги режалари билан яқиндан танишди.

Таъкидлаш жоизки, саноат ривожи иқтисодиёт равнақида муҳим ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан юртимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга берилаётган эътибор натижасида йирик ишлаб чиқариш корхоналари сони кундан-кунга ортиб бормоқда.  

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 9 июндаги “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан Чуст тумани қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган туман этиб белгиланган. Бугунги кунга келиб, туманда ана шундай учта йирик корхона фаолият юритмоқда.

Бундан тўрт йил аввал “Namangan sement” МЧЖ томонидан йирик истиқболли лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида йилига 300 минг тонна, 450, 550 ва 600 маркадаги цемент ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона барпо этилди. Завод ўзининг хомашё базаси, яъни конларига эга. Уларга асосан Чуст туманидаги Ғова қишлоғидаги карьердан оҳак-тош олинади.

– Президентимизнинг тадбиркорлик, айниқса, саноатни жадал ривожлантиришга қаратаётган ғамхўрлиги туфайли 2018 йилда Чустнинг 20 гектар қир-адирлик майдонида ер текислаш ишлари билан завод қурилишига киришгандик, – дейди “Namangan sement” МЧЖ директори Абдурашид Муродов. – Икки босқичдан иборат йирик лойиҳамизнинг 20 миллион доллар қийматга эга бўлган дастлабкисида 470 та иш ўрни билан иш бошладик. Навбатдаги лойиҳамизга 49 миллион доллар сарфланиши ҳисобига ишчилар сонини 1050 нафарга ошириб, йиллик 1 миллион тонна цемент ишлаб чиқариш қуввати йўлга қўйилди. Корхонамизда йилига жаҳон стандартларига мос ва импорт ўрнини босувчи 700-800 минг тонна цемент маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Биргина 2020-2023 йиллар оралиғида 179 миллиард сўм, жумладан, 2023 йилнинг ўтган даври мобайнида 50 миллиард сўм бюджетга солиқ тушумлари амалга оширилди. Янги қувват ишга туширилиши самарасида бюджетга йилига 100 миллиард сўмдан ортиқ солиқ тушумлари амалга оширишни кўзда тутганмиз. Технологик ускуна ва жиҳозларни Хитой давлатидан келтирганмиз, улар халқаро стандартларга жавоб беради. Шарқий осиёлик малакали муҳандислар фаолиятимиз аввалида заводда бўлиб, маҳаллий мутахассис ва ишчи-ходимларга яқиндан кўмаклашди. Ишлаб чиқарилган илк маҳсулотларимиз лаборатория ва техник синовлардан ўтиб, ички бозорга йўналтирилади.  

Эътиборлиси шундаки, ушбу корхонада ишлаб чиқариш жараёнлари тўлиқ кўмир ёқилғисига мослаштирилган. Иккиламчи манба сифатли бўлиб, Қирғиз Республикасидан келтирилади. 1 тонна кўмир 850 минг сўмга келтирилиб, кунига ишлаб чиқариш жараёнига 300-320 тонна кўмир ишлатилади. Айни вақтда заводда 5 ойлик кўмир захираси мавжуд.

Мутахассисларнинг қайд этишича, саноат корхоналарида муқобил энергия манбалари, шу жумладан, кўмирдан фойдаланиш табиий газ истеъмолига қараганда анча арзонга тушади. Яъни корхонанинг йиллик кўмирга бўлган талаби 300 минг тонна бўлиб, бу орқали 1 минг 360 минг метр куб табиий газ тежалмоқда.

Таққослаш учун 1 тонна цемент ишлаб чиқариш учун 120 килограмм кўмир сарфланса, бунга 140 куб газ тақозо этилади. Бундан тежалган маблағлар эса ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, ишчи-ходимларни моддий рағбатлантиришга йўналтирилади.

“Namangan sement” масъулияти чекланган жамияти жорий йилнинг ўтган саккиз ойи давомида 84,4 млн.кВт/соат электр энергияси истеъмол қилган бўлиб, бу бир ойга ўртача 10,55 млн.кВт/соат ва 1 кунлик истеъмоли ўртача 347,2 минг.кВт/соатга тўғри келмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 1 февраль куни Андижон вилоятига ташрифи чоғида водий вилоятлари мисолида аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича билдирган таклифлари ҳамда йирик корхоналарда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш, уларни электр билан ўзини ўзи таъминлашга ўтказиш юзасидан берган топшириқлари ижросидан келиб чиқиб, жамият томонидан йўқотилаётган иссиқликдан электр энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади.

[gallery-13730]

10 миллион долларлик банк кредити ҳисобидан хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда бажариладиган мазкур лойиҳа 6 мегаватт/соат ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, заводнинг умумий электр энергия истеъмолининг 40 фоизни қоплайди. Бундай истиқболли лойиҳа ҳозирга қадар республикамизнинг иккита ҳудудида – Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги цемент заводи ҳамда Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатининг Жиззахдаги заводида татбиқ этилган. Чустда режалаштирилган навбатдаги лойиҳани 2025 йилнинг биринчи чорагида тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.

Оқилхон Дадабоев, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА