Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш табиий манбаларни тежашга хизмат қилади
17:20 / 2022-09-28

Мамлакатимизда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Хусусан, ташкилотлар бинолар том қисмларига қуёш панелларини ўрнатиш ишлари жадал давом эттирилмоқда.

Бу борадаги ишлар “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимида муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш тизимли ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган галдаги брифинг “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги ташкилот ва корхоналарнинг куз-қиш мавсумида муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш масалалари таҳлилига бағишланди.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати раҳбари Муҳаммаджон БЕКМУҲАММЕДОВ бу жараёнлар ҳақида қўйидагиларни гапириб берди.

– Энергия тежамкор қурилмаларни ҳаётга жорий этишдан мақсад куз-қиш мавсумида ўз эҳтиёжлари учун зарур бўлган электр ва иссиқлик энергиясидан самарали фойдаланиш ҳисобланади, – деди М.Бекмуҳаммедов. – Шундан келиб чиқиб, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимида муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ишларига асосий эътибор қаратилмоқда.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, куни кеча акциядорлик жамияти тасарруфидаги яна бир корхона “Ўзэнергосозлаш” МЧЖ маъмурий биноси том қисмига қуёш фотоэлектр станциясини ўрнатиш ишлари якунига етказилди. 30 кВт. соат қувватга эга ушбу қурилманинг ишга тушиши натижасида йилига 90 000 кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши режалаштирилган. Ҳар бир киловатт электр энергиясини имкон қадар тежаш тарафдоримиз.

Маълумотларга кўра, айни пайтгача тизим корхоналарида 300 кВт. Соат бўлган қуёш фотоэлектр панеллари, 32 та частота ўзгартиргич қурилмалар, 138 та қуёш сув иситгичлари, 286 та қуёш панелли ёритиш чироқлари, 829 та сенсорли ёритиш датчиклари каби жами 1336 та энергия тежовчи ва муқобил энергия манбалари қурилмалари ўрнатилди. Бу ишлар натижасида 2022 йилнинг 8 ойида 1,2 миллион кВт.соатга тенг электр энергияси ва 62 Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилди. 140 минг метр куб табиий газ иқтисод қилинишига эришилди.

Айни кунларда “Ўзбекэнерготаъмир” АЖ томонидан “Фарғона ИЭМ” АЖда қуввати 1800-2000 кВт. соат ва “Сирдарё ИЭС” АЖда қуввати 1200-1500 кВт. соат бўлган қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 2022 йил якунига қадар тизимда жами қуёш фотоэлектр станцияларининг ўрнатилган қуввати 3300 кВт. соатга етказилади. Бу эса йилига ўртача 8 миллион кВт. соат қўшимча электр энергияси ишлаб чиқариш ҳамда қарийб 1,2 миллион метр куб табиий газ иқтисод қилиш имкоиниятини яратади.

Шунингдек, 2023-2024 йилларда иссиқлик электр станцияларнинг ички ҳамда ёндош ҳудудларидаги бўш ер майдонларида 30-40 МВт ва ундан юқори қувватли қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича ўрганишлар олиб борилмоқда. Унга кўра, “Сирдарё ИЭС” АЖда 40 МВтли, “Муборак ИЭМ” АЖда 30 МВтли, “Тўрақўрғон ИЭС” АЖда 15 МВтли ва “Таллимаржон ИЭС” АЖда 43 МВтли қуёш фотоэлектр станцияларини қуриш бўйича “йўл харитаси” ишлаб чиқилади. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши иссиқлик электр станцияларининг ўз эҳтиёжлари ва хўжалик эҳтиёжлари учун сарфланаётган электр энергиясини муқобил энергия манбалари ҳисобидан қоплаш имкониятини яратади. Бу каби янги имкониятлар йилига ўртача 200 миллион кВт.соат электр энергияси ёки 21,0 миллион метр куб табиий газ иқтисодига эришилади.

Умуман олганда, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимида муқобил энергия манбаларидан самарали фойдаланишга қаратилган тадбирлар табиий манбаларни иқтисод қилиш билан бирга, электр энергияни тежаш ва унинг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

ЎзА мухбири

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА ёзиб олди.