Андижон вилояти Бўстон тумани тиббиёт бирлашмасида қуёш панелларидан унумли фойдаланилмоқда.
Мамлакатимизда кейинги йилларда иқтисодиёт тармоқларини, ижтимоий соҳа объектларини, аҳоли хонадонларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш, мавжуд энергия ресурсларини тежаш, улардан оқилона фойдаланиш, айниқса, муқобил энергия турларидан фойдаланишни йўлга қўйишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бўстон тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан олиб борилаётган ишлар бунга бир мисолдир.
[gallery-13267]
Бўстон тумани тиббиёт бирлашмаси томонидан йилига 560 минг КВТ электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга аккумуляторли қуёш фотоэлектрик станцияси ҳамда йилига 290 минг КВТ электр энергияси ҳосил қилиш қувватига эга гибрид қуёш фотоэлектрик станцияси ўрнатилган. Ушбу станциялар орқали йилига 850 минг КВТ электр энергияси ишлаб чиқарилади.
Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан йилига жами 300 минг КВТ соат электр энергияси ишлатилиши ҳисобга олинса, ўрнатилган электр энергия ишлаб чиқарувчи станцияларидан қўшимча даромад қилиш имкониятига эга бўлмоқда.
Умуман, мутахассисларнинг таъкидлашича, Бўстон тумани тиббиёт бирлашмасидаги иккита қуёш фотоэлектрик станцияси қурилишига сарфланган харажатлар беш йилда тўла қопланади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА