Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларининг энергия самарадорлигини янада ошириш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш тобора оммалашиб бормоқда.
Бу борадаги ишлар кўлами Навоий вилоятида ҳам кенгаймоқда.
Мавзу юзасидан "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ Навоий ҳудудий филиали директори Бобир Исломовнинг фикрлари билан қизиқдик.
– Шу кунга қадар вилоятнинг 521 та ижтимоий соҳа объектларида 16,4 МВт, шунингдек аҳоли хонадонларининг 1215 тасида 2,2 МВт, шу билан биргаликда 26 та фойдаланишга топшириладиган кўп қаватли уйларга 0,6 МВт қайта тикланувчи энергия манбалари ўрнатилиб, жами 2571 та объектда 30 МВт қувватли қуёш панеллари ишга туширилди, – дейди Бобир Исломов. –Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, 30 МВтли қуёш панелларидан 1 ойда ўртача 5,1 млн кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бу тахминан 25 мингта хонадоннинг 1 ойлик электр энергияси истеъмолига тенг.

Вилоятда ўрнатилган энергия манбаларининг 809 таси, яъни қарийб учдан бир қисми тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келиб, улар қуёшдан 10,8 МВт қувватга тенг электр энергияси олишмоқда. Бу ўртача 700 нафар аҳолининг бир йиллик электр энергияси истеъмолига тенг демакдир.
Тадбиркорлар ўртасида олиб борилаётган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида тадбиркорлик объектларга 50, 100 кВт қувватли панеллар ўрнатилиб, ишлаб чиқарилган электр токини тармоққа сотиш ҳисобига ойлик даромад топаётган тадбиркорлар сони ҳам ортмоқда.
Жумладан, Нурота туманидаги “Алишер” фермер хўжалигида 20 кВт қувватли қўёш панеллари ўрнатилган. Жорий йил ҳисобига қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган 3 миллион 424 минг сўмлик, яъни 4 756 кВт электр энергияси тармоққа сотилган.
Икром Аввалбоев, ЎзА