Намангандаги “Уч фаввора” хиёбонида Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан “Муқаддасдир Ватан байроғи” шиори остида байрам тадбири бўлиб ўтди.
Давлат байроғи давлатимизнинг миллий тимсоли ҳисобланади. Байроғимиз халқимиз шонли тарихи ва эзгу интилишларини ўзида мужассам этиб, тинч ва осойишта, эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимизнинг маёғидир.
Тантанали тадбир аввалида Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси янгради. Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов йиғилганларни мамлакатимиз байроғи қабул қилинганининг 31 йиллиги билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, давлат байроғи миллатнинг бирлиги, мустақиллиги тимсоли сифатида ўша халқнинг орзу-истакларини, умидларини, келажакка бўлган ишончини ўзида ифода этади. Мамлакатимизнинг барча ҳудудида кенг нишонланаётган давлатимиз байроғи қабул қилинган кун мустақиллигимизни мустаҳкамлашда, ўз тараққиёт йўлимизни танлашда муҳим қадам бўлиши билан бирга, ота-боболаримизнинг эркин ва озод, бахтли ва фаровон ҳаётни таъминлашдаги асрий орзу-умидлари, армонлари ушалган, буюк келажак сари етаклаган кун сифатида ҳар бир фуқаро қалбини ғурурга тўлдиради.
[gallery-9633]
Айниқса, давлат байроғининг нақадар ғурур ва ифтихор тимсоли эканини Ватанимиз довруғини халқаро ареналарда кенг таратаётган спортчиларимиз дилдан ҳис қилади. Дарҳақиқат, ёш истеъдод эгалари жаҳон спорт майдонларида ғолиб чиқиб, давлатимиз байроғининг баланд кўтарилиши ҳар бир ватандошимизга ўзгача руҳ бағишлайди. Шу йилнинг ўтган ойида, Наманган вилояти спортчилари томонидан Жаҳон ва Осиё чемпионатлари, гран-при ва халқаро мусобақаларда 658 та олтин, 859 та кумуш ва 1337 та бронза, жами 2854 та медаль қўлга киритилгани бунинг ёрқин далилидир.
Байрам тадбирида Мудофаа вазирлиги ҳарбий қисм ҳамда Миллий гвардия хизматчилари томонидан Ўзбекистон Қуролли кучлари салоҳиятини ўзида мужассам қилган жанговар кўргазмали чиқишлар ҳавола қилинди. Ватан, истиқлолни мадҳ этувчи шеърлар ўқилди, гўзал куй-қўшиқлар ижро этилди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.