Инсон туғилибдики, меҳр ва эътиборга ташна. Чақалоқнинг ривожланишида она сути қанчалик аҳамиятли бўлмасин, меҳри ундан-да муҳим. Шунинг учун ҳам оналар ўзгача хилқат.
Гап шундаки, чақалоқ меҳрга қанчалик муҳтож бўлса, катталарнинг эҳтиёжи ҳам ундан кам эмас. Аммо минг афсуски, киши улғайган сари унга бўлган меҳр ва эътибор камайиб боради. Яхшиямки одам бахтига ота-она бор. Улар ҳаёт экан, фарзандларга беминнат меҳр ва чексиз эътибор кўрсатадилар. Гарчанд, баъзан уларни етарлича қадрлай олмасакда. Аммо умр деганлари ғанимат бир кўприк. Ота-онадан сўнг ҳам ҳаёт давом этади. Шундай экан, фитратида эътибор ва меҳрга ташналик бўлган инсонга ҳамиша меҳрибон ва ғамхўр бўлган ҳамнафас зарур.
Одатда, меҳр ва муҳаббат қўрғони сифатида оила эътироф этилади. Бу мўтабар тушунча ҳаётнинг ҳақиқий маъноси аслида. Аммо бугунги кун одамлари аввало бир-бирига, қолаверса, яқинларига нисбатан ҳам беэътибор. Табиийки, улар ҳам эътибордан четда қолишади бора-бора. Бунинг сабаби қўлимиздаги гаджетларимиздир. Бироқ, улар кишилар ўртасидаги муносабатларни яқинлаштириш мақсадида кашф этилган, аслида.
Умуман олганда, инсоният ўртасида ҳар ким ҳам англамайдиган бир мувозанат бор. У бузилгани сари жамиятда беқарорлик ва абсурт ҳолат кучайиб бораверади.
Бугунги кун кишиларининг энг катта фожиаси бир-бири билан суҳбатлаша олмаслигидадир. Ота – фарзанди билан, эр – хотини билан ва ҳоказо.
Жамиятимизда кўнгилли инсонлар ҳам ҳали талайгина. Аслида ҳар бир даврнинг алоҳида бошқалардан ажралиб турадиган қалб эгалари, “истеъдодлилари” бўлади. Ана шундай қалб эгаларига бугунги замонда қийин. Чунки инсонларга борингни берсанг-у, аммо ҳеч кимдан меҳр-мурувват, эътибор-у эҳтиром кўрмасанг, бу руҳиятга катта зарба бўлади. Шу ўринда буюк шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг шеъридан бир парча келтирсак.
Қанийди учраса шундай суҳбатдош:
Сен ёқа бўлганда у ҳам енг бўлса.
Ёши, мартабаси тенг бўлмаса ҳам,
Албатта сен билан кўнгли тенг бўлса.
Шеърнинг охирги мисрасига эътибор берайлик. Шундай суҳбатдош бўлсаки, у билан кўнглингдагилар бир бўлса. Яъни, сен хоҳлаган нарсани у ҳам хоҳласа. Ёши ва мартабасининг фарқи йўқ.
Маълум бўладики, суҳбатдошлик жуда муқаддас тушунча бўлиб, ҳар ким ҳам унинг моҳиятини англайвермайди. Англаганлар эса бахтлилар қаторида.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, ҳар қандай яқинлик ришталари самимий суҳбат билан мустаҳкамланади. Шундай экан, мустаҳкам оила, барқарор жамият ва қудратли мамлакат барпо этиш йўлида аввало, ўзаро ҳурмат, қадр-қиммат масалаларини юқори даражага кўтаришимиз шарт. Шундагина бир мақсад йўлида бирлашган халққа айлана оламиз.
Шербек Исломов, ЎзА