Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари, жумладан, “Аёллар дафтари” рўйхатида турган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, улар иштирокида юртимизнинг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштириш эзгу анъанага айланди.
Урганч шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан “Аёллар дафтари”даги 100 нафардан зиёд хотин-қизлар воҳанинг Шовот туманидаги “Юсуф Ҳамадоний” зиёратгоҳига ташриф буюрди. Ушбу қадамжода амалга оширилган ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қайта таъмирлаш ишларининг натижаси зиёратчиларни янада қувонтирди.
Бу ерда тадбир қатнашчиларига тасаввуф илмининг йирик намояндаси Юсуф Ҳамадонийнинг ислом маърифати ва маънавияти ривожига қўшган улкан ҳиссаси, мажмуада амалга оширилган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Зиёратчилар қадимий Хиванинг Ичан қалъа мажмуасини томоша қилди. Улар “Очиқ осмон остидаги музей шаҳар”да жойлашган мадраса ва минораларнинг яратилиш тарихи, янгидан ташкил этилган музейлар фаолияти билан танишди.
[gallery-18623]
– Ушбу тадбирларда иштирок этаётган опа-сингилларимиз юртимизда аёлларга кўрсатилаётган бу каби ғамхўрликдан бениҳоя миннатдор бўлмоқда, – дейди Урганч шаҳар ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Барно Бердиева. – Муқаддас қадамжога зиёрат барчада бирдек катта таассурот қолдирди. Иштирокчилар саёҳат давомида кўҳна Хива шаҳарнинг шонли ўтмиши, ривожланиш босқичлари, бу ерда яшаб ўтган аждодларимиз, машҳур ижодкорлар хусусидаги муҳим маълумотларга эга бўлди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари.