Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муқаддас қадамжо обод бўлади
16:52 / 2021-01-28

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Калвак қишлоғида Шавқий Намангоний мангу ором топган масканда Маърифий мажмуа барпо этиш ишлари бошланди.

XIX аср ўзбек тарихчиси ва шоири Мулла Шамс Шавқий Намангоний 1804 йилда ҳозирги Тўрақўрғоннинг Калвак қишлоғида туғилган. У илк билимини отаси Мулла Ҳасандан олади. Кейинчалик Шаҳанд мадрасасида таҳсилни давом эттирган. 1840-1842, 1845-1858, 1868-1876 йилларда Қўқон хонларидан Муҳаммадалихон, Худоёрхонларга устозлик қилган. 1876 йилдан то вафоти – 1889 йилга қадар ўз қишлоғида бўзчилик, мактабдорлик қилган.

[gallery-943]

Шавқийнинг чевараси Мулла Исмоилхон Лутфиддиновда шоирнинг муборак довот қаламлари, уни чарҳловчи чархтош, устара ва бошқа анжомлар, ўз қўли билан битган девонлари сақланмоқда. Девонга уч хил турдаги муҳр босилган бўлиб, муҳри олийга ҳижрий 1299 (милодий 1882) йил санаси туширилган. Демакки, бу девонни Шавқий умрининг сўнгги йилларида, 80 ёшни қоралаган пайтида битган. Унга форсийда “Рожий аз раҳмати худаст, гарчи Шавқий бамаъсият бандаст” (“Гарчи Шавқий гуноҳкор бўлса ҳам, Аллоҳнинг раҳматидан умидвордур”) сўзлари битилган.Шавқийнинг Калвак қишлоғидаги қабри ва чиллахонаси бўлган зиёратгоҳ бир неча йиллар қаровсиз қолган эди. Ҳозирда қадамжони қайта тиклаш мақсадида 40 сотих майдонда Маърифий мажмуа барпо этилмоқда. Мажмуа таркибида мақбара, чиллахона, хаттотлик маркази, музей ва кутубхона ўрин олади.

 

Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган суратлар

 ЎзА