Митрополит Викентий бошчилигидаги Рус православ черковининг Марказий Осиё митрополитан округи Тошкент ва Ўзбекистон епархияси делегацияси Қуддусдаги Муқаддас қабр черковига муқаддас оловни тушириш маросимида иштирок этди.
Ўзбекистонлик 130 дан зиёд зиёратчи Тошкентдаги Устоз соборига олиб келинадиган муқаддас олов учун Исроилга борган эди. Митрополит Викентий ушбу ташрифнинг Ўзбекистон диндорлари маънавий ҳаётидаги аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, мамлакат раҳбариятига самимий миннатдорлик билдирди.

– Президент Шавкат Мирзиёевга тинчлик, динлараро тотувлик ва барча конфессияларнинг маънавий анъаналарига ҳурмат йўлида олиб бораётган оқилона сиёсати учун Ўзбекистон православ жамоати номидан чуқур миннатдорлик билдираман, – деди М. Викентий. – Мана шу кўмак туфайли бугун биз эркин эътиқод қилиш, зиёрат қилиш, хусусан дунёнинг энг улуғ зиёратгоҳларини зиёрат қилиш имконига эга бўлдик. Муқаддас олов тушиши маросими православ дунёсидаги энг муҳим воқеалардан биридир. Ҳар йили дунёнинг турли бурчакларидан минглаб зиёратчи ушбу воқеага гувоҳ бўлиш учун Қуддусда йиғилади.
Делегация Ўзбекистонга қайтгач, муқаддас олов мамлакатимиздаги черковларга етказилди. Диндорлар Пасха анъаналарини давом эттириб, шу ўтдан шам ёқишга мушарраф бўлди.

ЎзА