Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МУНОЗАРА: Электр бормаган қишлоқ ҳақида ким ҳақиқатни гапирмоқда, журналистми ёки ҳокимлик?
00:10 / 2020-10-25

Баъзи одамлар натижа учун ишласа, кимлардир кўрсатма бериш учун ишлайди. Қишлоқ дардини эшитмаган масъуллар, танқиддан ҳам хулоса чиқармади.

Баъзи одамлар натижа учун ишласа, кимлардир кўрсатма бериш учун ишлайди. Қишлоқ дардини эшитмаган масъуллар, танқиддан ҳам хулоса чиқармади.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида “Дунёдан узилган, 80 йилдан бери электр келишини кутаётган қишлоқдан репортаж” сарлавҳали мақоладан кейин “Вочах” қишлоғига электр етиб боради, деб умид қилганлар ҳам бўлди, аммо Сариосиё туман ҳокимлиги қишлоқ аҳлига ёрдам бериш ўрнига, яна хонадан чиқмаган ҳолда “раддия”, “баёнот”лар беришни афзал кўрган шекилли.
 
Биринчи масала, Сариосиё туман ҳокимлиги мақолага билдирган муносабатида 2017 йилда қишлоқ аҳлига 19 дона ва мактабга 4 дона кичик қуёш батарейкалари топширилгани баён қилинган. Қизиқ, бу билан туман ҳокимлиги нимани исботламоқчи? Ҳокимлик ҳамон қишлоқ аҳли ўша батареялардан фойдаланиб келмоқда, деган хомҳаёлдами? Бу уларнинг қишлоқ билан нақадар таниш эканлигига ишора қилади. Кичик қуёш батарейкалари билан бир оилани электрга бўлган эҳтиёжларини қондириш мумкинми? Агар, ҳокимлик ўша батарейкалар билан “Вочах” қишлоғи болалари ёруғ уйларда дарс қилаяпти, мультфильм кўраяпти, деб ўйлаётган бўлса уларга, оддий техник буюмлари талаб этувчи электр қуввати талабларини кўриб чиқишларини тавсия қилиш керак.

Мисол учун, Сариосиё ҳокимияти “Кундаижувоз” қишлоғига берилган 300 Вт монокристал фотоэлектр қуёшли батареялари ёрдамида 3 дона оддий ёки 10 дона электр тежовчи лампочкаларни ёқиш мумкин. Аниқроғи, бир оиланинг барча маиший техник электр эҳтиёжини қоплаш учун энг камида 62 та монокристал фотоэлектр қуёшли батареялари талаб этилади. Сариосиё туман ҳокимияти бутун бир “Кундаижувоз” қишлоғига берган 40 та батареяларни бир хонадонга тўплаганда, оддий маиший техника буюмларини ишлатувчи шароитга эришиш қийин. “Вочах” қишлоғи хонадонларига 2017 йилда берилган 14 дона қуёш панеллари эса ўша йилнинг ўзида 3-4 ой ўтмай тамом бўлган.

Иккинчи масала, мутасаддилар йиллар давомида “Вочах” қишлоғини бориб ўрганишга вақт топа олмагани борасидаги рад этувчи далилларингиз нима учундир хақиқатдан узоқ. Биз айнан “Вочах” қишлоғига на бир депутат ва на бир бошқа мутасадди ташриф буюрмаганини ёзганмиз. Буни деярли қишлоқнинг ҳар бир фуқароси тасдиқлади. Сариосиё туман ҳокимлиги эса мақолага нисбатан муносабат билдирар экан “Кандаижувоз” қишлоғига борган маълумотларни рўкач қилмоқда. Мақолада эса “Вочах” қишлоғи ҳақида гап кетмоқда.

photo_2020-10-24_23-27-17.jpg

“Вочах” аҳли баҳорда қишлоқдан анча узоқда бўлган вертолёт қўнувчи майдонга масъуллар келиб ун, ёғ ташлаб кетишганини ҳикоя қилди. Бу ҳақида мақолада ва репортажларда ҳам келтирилган. Масъуллар, вертолёт қўналғасига ташлаб кетган ун, ёғ маҳсулотларини аҳоли ўз қишлоқларига ташиб олишган. Ҳокимлик вакиллари қўналғанинг ўзидан ортга қайтган. Қишлоққа бориб, аҳолини муаммоси ва дардларини эшитмаган. Суратлар ҳам айнан “Вочах” қишлоғи аҳолиси сўзларини тасдиқламоқда.

Ўз туманини яхши билмайдиган ҳокимлик

Учинчи масала. Сариосиё туман ҳокимлиги “Вочах” қишлоғига электр етиб бормаганига сабаб қилиб келтирган маълумотлар кишини ақлдан оздиради.

Сариосиё туман ҳокимлиги вакилларининг Энергетика вазирлиги ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг жавобларига таянган ҳолда электрлаштирилган энг чекка қишлоқ “Қарш”дан “Вочах” қишлоғи 12 километр баландда жойлашгани баён қилинади. Туман ҳокимлигининг бу далилларини ақлга сиғдириш қийин. “Қарш” қишлоғидан “Вочах” 12 километр баландликда бўлса, демак бу қишлоқ дунёдаги энг баланд Жомолунгма (Эверест) чўққисидан ҳам юқорида жойлашган эканда. Туман ҳокимлиги бу қишлоқни шу қадар баландда, деб фараз қилар экан уларнинг чекка тоғ қишлоғига қадами етмаганига янаям кўпроқ ишонч ҳосил қиласан киши. Ахир, 12 километр баландликда яшашнинг ўзи мумкин эмас. Айтайлик, “Қарш” қишлоғи ва “Вочах” орасидаги баландлик эмас, узоқлик 12 километр бўлса яна тушунмовчилик пайдо бўлади. Чунки, ҳудди шу ташкилот 2014 йилда фуқароларнинг ёзма мурожаатига берган жавобида қишлоқлар орасидаги масофа 7.0 километр эканлигини кўрсатиб ўтган. 2019 йилда яна шу ташкилот фуқароларнинг ёзма мурожаатига берган жавобида “Қарш” ва “Вочах” оралиғи 30 километр эканлигини қайд этган.

photo_2020-10-25_08-59-40.jpg
Сурхондарё вилояти "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ томонидан 2014 йилда юборилган "раддия"

photo_2020-10-25_08-59-45.jpg
Сурхондарё вилояти "Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ томонидан 2019 йилда юборилган "раддия"

Бу қишлоқлар ҳар йили кўчиб турадими ёки “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ оралиқ масофани аниқ билмайдими? Улар аниқ билмаса, лоақал Сариосиё туман ҳокимлиги оралиқ масофани билиши, туманларида дунёдаги Эверестдан-да юқорироқ бўлган чўққи йўқлигини сезиши керак эди-ку. Ушбу маълумотлар бизга қишлоқ аҳли “бизни ҳудудни биронта тегишли идора масуъллари ўрганмаган”, дея таъкидлаган фикрларини нақадар ишончли эканлигини билдиради. 

Гугл харита ёрдамида эса “Қарш” ва “Вочах” оралиғидаги масофалар 4 км.дан  6.4 километргача эканлигини кўриш мумкин.

1-версия.PNG

3.jpg

1.JPG
Ушбу суратлардан маълум бўладики, мутасаддилар келтириб ўтаётган 7, 12, 30 километрлик масофалар ҳақиқатдан йироқ. Чунки, харитадан энг яқин қишлоққача бўлган автомобиль йўли 6.5 кмни ташкил этиши намоён бўлмоқда. Тоғ усти бўйлаб ҳисобланса, бу масофа 4 километргача қисқариши ҳам мумкин.

Тўртинчи масала, ЎзА журналисти холисликни унутмаган ҳолда таъриф берилиши сўралган эди. Мазкур икки мақола холислик даражасида далиллар билан келтирилмоқда. Видеорепортажда қишлоқ аҳлининг ўз тилидан муаммоларни тинглаш мумкин. 

Ярим асрдан буён электрсиз ўтирган қишлоқни тасвирлар эканмиз масъуллардан вазиятни тушунтирувчи қандай изоҳ олиш мумкин? Қишлоқ аҳли одам қадами етмас 12 километр баландликда деган жавобингизни мақолага қўшмаганимиз бизнинг айбимизми? 

“Вочах” аҳолиси 6 йилдан буён масъулларга мурожаат йўллаб, олган жавоблари иккинчи тарафнинг муносабатини англатмайдими? Зеро, танқидий мақоладан сўнг ҳам масъуллардан яна ўша жавобни олдик-ку. Сариосиё туман ҳокимлиги мақола муаллифига нисбатан (ҳеч бўлмаганда тушунмаган соҳасини), дея изоҳ беради. Ҳокимликлар “Вочах”ни 12 километр баландликда, деб ўйлашлари соҳани ким тушунмаслигини аниқроқ кўрсатиб қўйди, назаримизда. Сариосиё ҳокимлиги томонидан бу материални эълон қилишдан манфаат нималиги сўралган эди. Манфаатимизни тушунмаган бўлсангиз буни аниқ ва очиқ айтишимиз мумкин. Мақсадимиз ярим асрдан бери, қишлоқ бўлгандан бери электрсиз ўтирган қишлоққа масъуллар диққатини қаратиш эди. Мақсадимиз сизлардан Эверест чўққилари ихтиро қилинган баёнотлар олиш эмас, амалий ҳаракатлар бошланганини кўриш эди. 

Ҳатто ўз туманидаги қишлоқлар орасидаги масофани билмаган ҳокимликлар, Жомолунгма чўққиларини ихтиро қилаётганлар ва уларга ишонаётган мутасаддилар Президентимиз олиб бораётган сиёсатга ишончсизлик келтириб чиқармайдими?

Сариосиё туманидан ўз ҳудудидаги “Вочах” қишлоғи аҳолиси билан вилоят ва туман масъуллари учрашмаганда, ЎзА мухбирлари шунча узоқликдан бориб вазиятни ўрганди. Бунинг учун ЎзАни нохолислик ва яна бошқа ўзингизгагина маълум ҳаёлларингиз билан айблашдан, баённомалар ижод қилгандан чора кутаётган қишлоқ аҳлига ёрдам берган афзал эмасми? Майли журналистларни нохолисликда айбланг, майли буюртма материал ёзди, деб ўзингизни овутинг, лекин 100 йилдан буён электрсиз яшаётган, 21 асрда асрда ҳам 19 аср шароитида умргузаронлик қилаётган юртдошларимиз, Ўзбекистон фуқароларининг ҳаётига ёруғлик олиб кирсангиз шунинг ўзи биз учун кифоя. 


    

***

Қуйида Сариосиё туман ҳокимлигининг воқеаларга муносабатини асл ҳолича эълон қиламиз.


Куни кеча “UzA.uz” сайтида журналист Анора Содиқованинг “Дунёдан узилган, 80 йилдан бери электр келишини кутаётган қишлоқдан репортаж” сарлавҳали танқидий мақоласи эълон қилинди.

Унда Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани, “Шабнам” маҳалласи “Вочах” қишлоғи фуқароларига электр энергия етиб бормагани ҳамда бошқа хизматлар кўрсатилмаётганлиги, туман раҳбарлари аҳоли муаммоларини ўрганмаганлиги маълум қилинган.

Жумладан, мақоладаги 1-масала, 80 йилдан буён уйларига электр келиб бир бор бўлсада хонадонига ёруғлик киришини, невараларини қувонтиришини истаб, кейин ўлимга ҳам тайёр бўлган момолар, боболар борлигини ҳис қила оласизми? ... 6 км. масофадан электр тортиб келиш муаммо. Лампочка ёқишга омбудсман ҳам аралашган;

- “Вочах” қишлоғи туман марказидан 60 км узоқликда, денгиз сатҳидан 2700 метр баландликда жойлашган. Қишлоқда 112 нафар фуқаро истиқомат қилади. 2017 йилда хонадонларга давлат томонидан 19 дона, мактабга 4 дона ҳамда қишлоқ врачлик пунктига 2 дона қуёш батарейкалари ўрнатиб берилган.

Шунингдек, Энергетика вазирлиги ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ нинг юқоридаги ҳолат юзасидан билдирган расмий муносабатида, “Вочах” қишлоғи тумандаги электрлаштирилган энг чекка қишлоқ “Қарш” қишлоғидан 12 км баландликда жойлашганлиги сабабли электр тармоғини тортишнинг техник имкони йўқлигини билдириб, қишлоқни электрлаштириш учун муқобил электр энергияси ўрнатиш бўйича вилоят ҳокимлигига таклиф киритилганлигини маълум қилинган.

2-масала, Мутасаддилар йиллар давомида Вочах қишлоғини бирон маротаба бориб ўрганишга вақт топа олмаган;

- Жорий йилнинг январ ойида Сурхондарё вилоят ҳокими Тўра Боболов ҳамда мутасаддилар Сариосиё туманидаги тоғли қишлоқларга ташриф буюриб, улар томонидан аҳоли муаммолари ўрганилган. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар режаси белгилаб олинган. (Ташриф буюрилган қишлоқлар яқинидаги аҳоли муаммолари ҳам)
Ташрифдан бир ой муддат ўтгач, “Кундаижувоз” қишлоғи аҳолиси хонадонларига 40 (қирқ) дона 300 Вт монокристал фотоэлектр қуёшли батарея панеллари масъуллар томонидан етказилиб ўрнатиб берилган.
Жорий йилнинг июн ойида эса, “Кундаижувоз” қишлоғида жойлашган мактабга ҳам қуёш панеллари ўрнатилган.

Шунингдек, жорий йилнинг май ойида вилоят ҳокими, вилоят сектор раҳбарлари ҳамда туман ҳокими олис тоғ қишлоқларига ташриф буюриб, аҳоли муаммолари ўрганилган ва озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим кечаклар тарқатилган.

Мақолада танқид остига олинган тоғли “Вочах” қишлоғига (“Источ” қишлоғига ҳам) вилоят ҳокими ўринбосари Абдусалом Хўжақулов ҳамда Сариосиё тумани ҳокими Ўктам Тўраевлар ташриф буюриб, аҳоли билан учрашган ва уларга озиқ-овқат (ун, ёғ) маҳсулотлари тарқатган.

3-масала, ... бирон марта ахлат машина келмаган бўлсада, ахлат пулини тегишли идораларга тўлаб келишади;

- Бугунги кунга қадар чиқиндиларни олиб кетиш бўйича Вочах қишлоғи аҳолиси билан "Тоза ҳудуд" ДУК ўртасида шартнома тузилмаган ҳамда аҳолидан пул маблағ ундирилмаган.

4-масала, ... қишлоқ аҳли шу вақтгача бирон марта болалар учун ёрдам пули ва бошқа моддий қўлловларни сўрамаган ва олмаган экан;

- Бугунги кунда Вочах қишлоғидаги 1 та оилага 2 ёшгача , 4 та оила 14 ёшгача бола парвариши нафақаси тўлаб келинмоқда. Қишлоқда яшовчи 1 оилага жорий йилнинг июл ойига қадар 2 ёшгача бола парвариши тўланган. Ушбу оила фарзанди 2 ёшга тўлганлиги ҳамда оила даромади белгиланган меъзондан ошганлиги сабабли август ойида нафақа тўхтатилган.

5-масала, ... патронаж ҳамширалар йўқлиги.

- Потронаж фелдшер Бердиев Ахмад тоғли Карш ва Вочах қишлоқларига бириктирилган бўлиб, ундан ташқари қишлоққа режа асосида бир ойда бир маротаба эмланиши керак бўлган болаларни эмлаб, аҳоли соғлигидан хабар олиш мақсадида, 68-ҚОП шифокорлари бориб хабар олишган. (Ушбу маълумот асослари мутахассислар томонидан ўрганилмоқда)
Ўхшамаган ўхшатма...

- Мультфильм нима деб сўрасангиз, ширинлик бўлса керак, деб жавоб берадиган беғубор болалар борлигидан хабардормисиз?

2016 йилда Президент томонидан «Шабнам» маҳалласи «Вочах тоғ» қишлоғи оилаларига 14 та, мактабга 4 та қуёшдан энергия олувчи кичик батарейкалар топширилган эди. Буни қишлоқ аҳли тўй қилиб қаршилаган. Қурби етган батарейкаларга ишониб, телевизор сотиб олган. Аммо, 3, 4 ой ўтгач, батарейкалар қуввати тугаб, яроқсиз ҳолга келган ва яна одамлар қоронғиликда қолиб кетган. (Журналист мақоласидан) 

УзА журналисти ўзи таъриф берганидек, фантазияга берилиб “ижод” қилмай, холисликни унутмаган ҳолда, ҳиссиётларга эрк бермасдан, мурожаатни кенгроқ ўрганиб, лоақал масъуллардан изоҳ сўраган ҳолда (ҳеч бўлмаганда тушунмаган соҳасини) оммага ахборот тарқатса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бундай нохолис, бир ёқлама материални эълон қилиб, ўқувчиларни чалғитишдан мамлакатнинг давлат ахборот агентлигига қандай манфаат бор? Бу ҳаракатлар ўзларини энг "ишончли", "тезкор" маълумот тарқатувчи давлат идораси сифатида тарғиб қиладиган агентликка, қолаверса Президентимиз олиб бораётган сиёсатга ишончсизликни келтириб чиқармайдими? Бундай хулосага келиш учун эса мақолани ўқиган холис ва соғлом фикрли инсонларда етарли асос пайдо бўлади.