Навоий вилояти ҳокимлигида Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ соҳа вакиллари тақдирланди.
Жорий йилда об-ҳавонинг инжиқликларига қарамасдан вилоятда қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ҳосил олинди. Жумладан, ғаллакорларимиз томонидан жами 263 минг тонна ғалла етиштирилиб, ўртача ҳосилдорлик гектаридан 69,3 центнерни ташкил этди. Шунингдек, 31,6 минг гектар майдонга пахта экилиб, 115,1 минг тонналик “оқ олтин” хирмони бунёд этилди.
[gallery-9928]
Қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан саналган мева-сабзавотчилик, узумчилик, паррандачилик, асаларичилик йўналишларида ҳам юқори натижаларга эришилди. Такрорий экинлар билан бирга деҳқон-фермерларимиз томонидан бу йил 326 минг тоннадан ортиқ сабзавот, 107 минг тоннадан ортиқ мева етиштирилди. 7,6 миллион долларлик маҳсулот эса экспорт қилинди.
Бугун вилоят бўйича 98 та фермер хўжалиги қўшимча тармоқ сифатида асаларичилик билан шуғулланмоқда. Вилоятда 70,1 минг асалари оиласи боқилиб, юзлаб ишсизлар имтиёзли кредит маблағи олиб асаларичилик билан шуғуллана бошлади ва жорий йилда халқимиз дастурхонига 1650 тоннадан ортиқ асал етказиб берилди.
Тадбирда эришилган ютуқлар эътироф этилиб, соҳанинг бир гуруҳ фидойилари тақдирланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА