Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
МУНОСИБ ТУҲФА: «Зарчоб 1-А» кичик гидро электр станцияси фойдаланишга топширилди
15:47 / 2024-08-30

Мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасида янги ГЭСларни ишга тушириш, мавжудларини изчил модернизация қилиш бўйича «Ўзбекгидроэнерго» акциядорлик жамияти кенг кўламли ишлар олиб бормоқда. Бу ишларда эса Президентимиз ҳамда ҳукуматимиз томонидан зарурий норматив-ҳуқуқий асосларнинг янада мустаҳкамланиши ва истиқболли инвестициявий дастурларнинг қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этяпти.

Бугун, 30 август куни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига муносиб совға сифатида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Тўполанг дарёси бўйида янги барпо этилган «Зарчоб1-А» кичик ГЭСнинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. 

Унда айтиб ўтилганидек, мамлакатимизда янгидан-янги гидроэнергетик иншоотлар барпо этилмоқда. Узоқ йиллар мобайнида фаолият юритиб келган ГЭСлар замонавий стандартлар асосида модернизация қилинмоқда. Бу, ўз навбатида, янги гидроэнергетик қувватларнинг яратилишига, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожи, аҳолининг маиший эҳтиёжларини қондиришга қаратилган арзон ва экологик жиҳатдан тоза электр энергия манбаининг барқарор ҳолатда ишлаб чиқарилишига мустаҳкам замин яратади. 

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ ахборот хизмати раҳбари Равшан Бойқуловнинг маълумот беришича, мазкур ташкилот томонидан қуввати 3 МВтга тенг, йилига ўртача 13,3 миллион киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарувчи «Зарчоб 1-А» кичик гидроэлектр станциясининг фойдаланишга топширилиши Сурхондарё вилоятининг олис тумани аҳолиси учун катта қулайлик яратди. 

– Айтиш жоизки, мазкур кичик ГЭС Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 12 июлдаги «Гидроэнергетика соҳасини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини жадаллаштириш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш доирасида фойдаланишга топширилди. Лойиҳа қиймати 3,33 миллион долларни ташкил этади. Тўполанг дарёси сувдан самарали ва оқилона фойдаланган ҳолда, тўртинчи маротаба дарё суви гидроагрегатлар орқали ўтказилиб, ушбу иншоотда электр энергия ишлаб чиқарилади, – деди Р.Бойқулов. 

Эслатиб ўтамиз, «Зарчоб 1-А» кичик ГЭС 4 минг 750 та хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имкониятига эга. Мазкур иншоотнинг қурилиш ишларини «ГИДРО ТEХНИК» МЧЖ амалга оширди. 

Н.Зиёдуллаева, ЎзА