Муносабат: Ёлғон ахборот тарқатган шахсни аниқлаб, жиноий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш лозим
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимовнинг ишдан бўшагани ҳақидаги ахборот интернет саҳифаларида кенг тарқалгандан сўнг унинг ортидан бу ахборот ёлғонлиги ҳақида uza.uz сайтида расмий баёнот берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимовнинг ишдан бўшагани ҳақидаги ахборот интернет саҳифаларида кенг тарқалгандан сўнг унинг ортидан бу ахборот ёлғонлиги ҳақида uza.uz сайтида расмий баёнот берилди.
Демак, кимдир қасддан бу ёлғон ахборотни қонун ҳужжатларига зид равишда тарқатган ва пировардида халқимиз, қўшни мамлакатлар ва бутун мусулмон олами ўртасида нафақат У.Алимовнинг шаъни, қадр-қимматига мамлакатимиз обрўсига, Ўзбекистоннинг ахборот тарқатувчи тизимига ҳам путур етказган, деб ҳисоблаймиз.
Кимнидир шаъни, қадр-қимматига таъсир қилувчи уйдирмаларни тарқатиш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик кодексининг 40-моддасига мувофиқ жавобгарликка асос бўлади. Унда туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш учун жавобгарлик назарда тутилган бўлиб, энг кам иш ҳақининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Агар шу ҳаракатлар нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёхуд оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддасига мувофиқ энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бундай ёлғон ахборотлар қасддан ёки шошма-шошарлик билан совуққонлик оқибатида берилаётгани оммавий ахборот воситаларига бўлган ишончнинг сусайишига ёки батамом йўқолишига сабабчи бўлиши мумкин.
Шу нуқтаи назардан, мазкур ёлғон ахборотни биринчи бўлиб тарқатган шахсни аниқлаб, бундай ижтимоий хавфли хатти-ҳаракатни содир этган жисмоний шахсни жиноий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш лозим. Қолаверса, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раиси, муфтий ҳазратлари манфаатини кўзлаб жуда катта миқдорда маънавий зарар ундириш керак. Зеро, бундай таъсир чоралари мамлакатимиз ахборот хавфсизлиги ва ишончлилигини таъминласин, оммавий ахборот воситаларига бўлган кенг жамоатчилик ишончи ва ҳурматини сақлаб қолсин. Энг муҳими, мамлакатимизда қонун устувор бўлсин.
Абдукамол Раҳмонов,
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси
сиёсий кенгаши раиси ўринбосари