МУНОСАБАТ: эл-юртга эътибор тилдан бошланади
Ўзбек тили байрами нишонланиши, энг аввало, шу заминда истиқомат қилаётган миллионлаб юртдошларимиз ҳамда дунёнинг турли ҳудудларидаги тилдошларимизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Президентимиз ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида алоҳида таъкидлаганидек, ўзбек тили халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Олий Мажлис Сенатининг учинчи ялпи мажлисида маъқулланган ва давлатимиз раҳбари томонидан кеча имзоланган “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун она тилимизнинг мавқеини янада оширишда мустаҳкам пойдевор бўлади. Қолаверса, давлат тилининг ҳаётимиздаги ўрни, нуфузи тобора ортиши ҳамда хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор, уни ўрганишга бўлган қизиқиш кучайишига хизмат қилади.
Ўзбек тили байрами нишонланиши, энг аввало, шу заминда истиқомат қилаётган миллионлаб юртдошларимиз ҳамда дунёнинг турли ҳудудларидаги тилдошларимизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.
Эндиликда 21 октябрь кунида ўзбек тили байрамини нишонлаш билангина чекланмасдан, бир йил давомида тилимиз ривожи йўлида амалга оширилган ишларни танқидий таҳлил қилиш, турли илмий анжуманлар, акциялар ўтказиш, соҳа фидойиларини муносиб тақдирлаш каби ишларни ҳам амалга оширишимиз талаб этилади.
Шу ўринда Конституциямизда мамлакатимизда истиқомат қилувчи барча миллат ва элат вакилларининг тиллари, урф-одатлари, анъаналари ҳурмат қилиниши расман мустаҳкамланган, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиш белгиланган ва бу амалда тўлиқ ўз ифодасини топганини ҳам таъкидлаш жоиз.
Ушбу қонун ҳар биримизнинг олдимизга давлат тили софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш, ўзбек тилининг ахборот ва коммуникация технологиялари, хусусан, интернет жаҳон ахборот тармоғида муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш, ўзбек тилида компьютер дастурларини яратиш каби ўта долзарб вазифаларни ҳам қўяди.
Бахтиёр САЙФУЛЛАЕВ,
Олий Мажлис Сенати
қўмита раиси.