МУНОСАБАТ: биргаликда кўп ишга қодирмиз!
Мамлакатимиз раҳбари учрашувда сўзга чиқиб, Ўзбекистонда коронавирусга қарши олиб борилаётган мислсиз кураш тажрибаси билан ўртоқлашди.
Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият билан тенг ҳуқуқли, ўзаро манфаатли ҳамкорлик географияси ва кўлами янада кенгайиб, мамлакатимиз қисқа вақтда нафақат минтақада, балки халқаро миқёсда ҳам ўз ўрни ва сўзига эга бўлган давлатга айланди. Бунда Туркий тилли давлатлар билан ҳамкорлигимиз ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлаётир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 10 апрель куни Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан видеоанжуман тарзида ўтказилган навбатдан ташқари саммитидаги иштироки фикримиз исботидир.
Мамлакатимиз раҳбари учрашувда сўзга чиқиб, Ўзбекистонда коронавирусга қарши олиб борилаётган мислсиз кураш тажрибаси билан ўртоқлашди. Юртимиз ҳудудларида карантин зоналари ва замонавий модуль касалхоналарини барпо этиш ишлари, врачлар учун ижтимоий кафолатларни кенгайтириш, масофавий таълимни ташкил этиш, иқтисодиёт ва бизнесни реал қўллаб-қувватлаш механизмларини йўлга қўйиш бўйича қабул қилинган ишлар ҳақида маълумотлар берди.
Давлатимиз раҳбари томонидан коронавирус инфекцияси тарқалишининг оқибатларига қарши самарали курашиш мақсадида таъсирчан амалий чоралар кўриш бўйича қатор аниқ таклифлар илгари сурилди.
Таъкидлаш лозим, Президентимизнинг коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш бўйича билдирган бир қатор муҳим таклифлари анжуман иштирокчилари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг барча таклиф ва ташаббуслари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши навбатдан ташқари саммитининг якуний ҳужжати – Боку декларациясида ўз аксини топганини фикримиз тасдиғидир.
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси бизга қондош, диндош ва урф-одатлари муштарак бўлган давлатлар билан дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш тарафдори. Айниқса, бугунги ташвишли дамларда бу қанчалар муҳимлиги яққол намоён бўлмоқда.
Президентимиз анжуман якунида таъкидлаганидек, Туркий халқлар ўзларининг кўп асрлик тарихида бунданда оғир синов ва мураккаб дамларни бошидан кечирган ва уларни ҳамжиҳатлик билан мардонавор енгиб келган. Биз биргаликда кўп ишга қодирмиз.
Алишер ҚОДИРОВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик
партияси марказий кенгаши раиси.
Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси Спикери ўринбосари.