English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муносабат: адолатли суд қарорлари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини улуғлайди
09:54 / 2022-12-24

Мамлакатимизда кейинги йилларда судларни демократлаштириш, судлар фаолияти шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш учун давлат органлари томонидан суд қарорлари ижро этилиши устидан назоратнинг таъсирчан механизмлари жорий этиляпти. Бу жараёнда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф этиш, ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш, хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш ваколатлари бекор қилинди.

Айни вақтда маъмурий органлар билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини суд йўли билан муҳофаза қилишни таъминлашда маъмурий судлар ўз ўрнини топди. Фуқаролар ва тадбиркорларнинг манфаатларини ҳимоя қилишда маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўришда маъмурий суд амалиёти шаклланиб, мазкур низоларни самарали кўриб чиқиш тизими яратилди.

Бироқ, бу йўналишдаги хориж тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, мамлакатимизда маъмурий судлар фаолиятини янада такомиллаштириш, маъмурий судларни хусусий мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминловчи ягона ҳокимият органи сифатида тараққий эттириш зарурати мавжуд эди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янада такомиллаштириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш йўлида келгусида бажарилиши лозим бўлган қатор масалалар илгари илгари сурилди.

Хусусан, Мурожаатномада инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгилаш қайд этилди. Шунингдек, тергов сифати пастлиги, судларда одамларнинг оворагарчилиги, суд қарорларининг ижро этилмай қолаётгани танқид қилинди ва одамларнинг жойларда судма-суд сарсон бўлиб юришларининг олдини олиш, бунинг учун эса адолатли суд қарорлари чиқарилиши учун вилоят судларининг ваколати ва масъулиятини оширишга эътибор қаратилди. Мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд томонидан амалга оширилиши лозимлиги айтилди.

Одил судловни амалга ошириш мақсадида белгилаб берилган бу вазифалар эндиликда илғор хорижий тажрибалар асосида маъмурий судлар фаолиятини янги босқичга олиб чиқади. Шунга мувофиқ маъмурий судларга ҳокимларнинг қароридан норози бўлиб мурожаат этилганда ишларни экстерриториал тартибда, яъни бошқа ҳудудда ҳам кўриш амалиёти жорий этилади.

Лўнда қилиб айтганда, суд тизимида юз берадиган барча ўзгаришлар биринчи навбатда инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда жамият ва давлат манфаатларини адолатли ҳимоя қилишга, одил судловни амалга ошириш чоғида судьялар фаолиятига аралашишга чек қўйишга хизмат қилади.

Учқун Самандаров,

Сурхондарё вилояти

Термиз туманлараро маъмурий суди судьяси