9 май – Хотира ва қадрлаш куни
Иккинчи жаҳон уруши инсониятнинг энг йирик йўқотишларга бой тарихи бўлди. Фронтдаги қонли жанглар қанчадан-қанча инсонларнинг ёстиғини қуритди. Совуқ урушнинг одамзод қалбида қолдирган унутилмас жароҳатини бугунги дориломон кунларгача етиб келган уруш қатнашчилари нигоҳларидан яққол англаш мумкин.
Иккинчи жаҳон уруши тугаганига ҳам бу йил 79 йил тўлади. Орадан ойлар, йиллар ўтиб, бу жангу жадал бошланган ва якунланган саналар биздан тобора узоқлашмоқда. Лекин урушнинг инсоният қалбига солган жароҳати ҳеч қачон битмайди.
Фашизм устидан қозонилган ғалабани таъминлашга кўплаб халқлар қатори, ўзбек халқи ҳам жуда катта ҳисса қўшган. Минглаб забардаст ўзбек ўғлонлари қонли жангларда дом-дараксиз ғойиб бўлди, қанчаси қурбон бўлди.
Фашизмга қарши курашда Қашқадарё вилоятидан ҳам 13 минг нафар киши қатнашди ва уларнинг ярмидан кўпи омон қайтмади. Ҳозир вилоятда уларнинг бор- йўғи 8 нафаригина, яъни Қарши шаҳридан Вера Носирова, ғузорлик Энназар Ҳасанов, қамашилик Рўзибой Сатторов, касбилик Хайрулло Шерматов, нишонлик Рўзи Соатов, чироқчилик Жўра Ядгаров, Шаҳрисабз туманидан Сайдулло Жабборов ва Шаҳрисабз шаҳридан Омон Бобоев биз билан ёнма-ён умргузаронлик қилмоқда. Ўтган йили улар 10 нафар эди. Не-не азобларни кўрган бу чеҳраларга боққан киши ҳаётни янада ардоқлагиси, меҳр-мурувват, кўнгилларга шодлик улашгиси келади.
[gallery-17322]
Айни кунларда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида бу нуронийларнинг хонадонидан йўқлаб келувчиларнинг қадами узилмаяпти.
Шу кунларда ўзининг 104-баҳорини қаршилаётган, нафақат Қутчи қишлоғининг, балки Шаҳрисабз туманининг энг кекса отахонларидан бири, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Сайдулло бобо Жабборов ёшларга насиҳат қилишдан чарчамайди. 5 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказган, невара-эвараю чевараларнинг меҳрибон ва насиҳатгўй бобоси Сайдулло бобо Жабборовнинг хонадони байрам арафасида тўйхонага айланиб кетган. Туманнинг барча даражадаги раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари, мактаб ўқувчилари кунора отахонникига ташриф буюришади.
– Мана шу рўзғорга келин бўлиб тушганимга 32 йил бўлди, – дейди уруш қатнашчисининг келини Гулбаҳор Эргашева. – Бир ўғил, бир қизим бор. Уруш қатнашчисининг келини бўлиш қалбимда фахр туйғусини уйғотади. 32 йил давомида бувамдан маслаҳат сўраб, иш тутиб келдик. Ўзим ҳамшира бўлиб ишлайман. Қайнота -келин бир-биримизга жуда ҳам суяниб қолганмиз. Касал бўлса ҳам “Гулбаҳор мен нима қилишим керак, мазам бўлмаяпти, мени тез тузат” дейдилар. “Гулбаҳорнинг битта уколи ўнта муллонинг ўқиганидан зиёд” деб ҳазил қиладилар доим. У кишидан доим ўзимга энергия оламан. Мана ҳозир 104 ёшга тўлдилар. Яратганга шукр, умрлари узоқ бўлсин, ҳали оёқда юрибдилар. Ҳар йили байрам арафасида меҳмонлар келишади. Қанча совға- саломлар олиб келишади. Бу эътибор ва ғамхўрликдан кўнгиллари жуда кўтарилади. Дастурхон бошида давлатимиз раҳбарини доим дуо қиладилар. Фарзандларим ҳам бобоси билан фахрланади. Улар ҳам бувамни маслаҳатини, тарбиясини олиб улғайишди ва кам бўлишмади. Ҳозиргача бувамни тарбиясини олиб келамиз. Эшигимиз ҳамиша очиқ. Бувамни орқасидан доим меҳмонлар келишади ва биз бундан хурсанд бўламиз.
Сайдулло бобо 12 ёшидан меҳнат фаолиятини бошлаган. 1941 йил декабрь ойида фронтга жўнади. Дастлаб Украинада, бироз ҳарбий тайёргарликдан сўнг Молдова, Беларусь, Литва, Латвия, Эстония ва Германиянинг Берлин шаҳарларида уруш фронтида жанг олиб борди.
1945 йилда ярадор ҳолатда ўз юртига қайтиб келди. Урушдан сўнг 1947-1974 йилларда Киров номли совхозда бригадир вазифасида фаолият юритди. 1974 -1985 йилларда Нишон туманидаги 2-совхозда бўлим бошлиғи лавозимида фаолият юритди. 1985-1986 йилларда Ширинобод совхозида директор лавозимида ишлади. Хизматлари учун турли йилларда “Жасорат” медали, “Дўстлик” ордени каби кўплаб орден, медаль ва кўкрак нишонлари билан тақдирланди.
– Дунёнинг кўп томонларини кўрдим, – дейди Сайдулло бобо. – Ота-боболаримиз оғир даврларда яшади. Яшаш мана бундоқ бўларкан. Қаранг, Президентимиз бошчилигида вилоят ва туман раҳбарлари мамлакатимизнинг обод бўлиши учун, халқимизнинг тўкис яшаши учун қанча эзгу ишларни амалга ошираяпти. Ўтганларни йўқлаш, тирикларни қадрлаш бўйича қанча ишлар олиб борилмоқда. Ният яхши бўлиши керак экан. Шунда ҳамма томон яхши бўлиб бораверади. Ҳозирги кундаги мўл- кўлчилик, тинчликнинг қадрига етишимиз керак. Ўтган умримдан, бугунги дориломон кунларга етказганидан хурсандман. Битта нарса қийнайди мени доим. Қуролдошларим мана шу кунларнинг бир кунгинасини бўлса-да, кўрса нима бўларди. Ватан озодлиги учун қурбон бўлди улар. Уларнинг руҳлари доим шод бўлсин. Бошимиздан кўп қийинчилик кунлар ўтди. У кунлар ҳеч қачон қайтмасин.
Бобо гапиришдан чарчаб, кўзларини оҳиста юмади. Қатор орден ва медаллар билан тақдирланган, қадр-қиммати, шаъни улуғланаётган юртда, яқинлари ардоғида яшаётган Сайдулло бобо Жабборов бугунги дориломон кунларга етказганига шукр қилади...
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари