Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Таниқли шоира, Саодат” журнали бош муҳаррири Мунаввара Усмонованинг “Киприкдаги тун” номли сайланмаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Сайланмадан шоиранинг турли йилларда ёзилган энг сара шеърлари жой олган.
Китобдаги шеърларни ўқиркансиз, миллийликка йўғрилган самимий ўзбекона ҳаёт тарзи, қалб суврати ва манзараларини кўргандек бўласиз.
Мунаввара Усмонова қалби мунаввар – ёруғ ижодкор. У ён-атрофида юз бераётган воқеа-ҳодисалар, ҳаёт аталмиш чархпалак айланиши, одамлар билан мулоқот, соғинч, дийдор, қарздорлик ҳисси, ҳамма-ҳаммасидан ҳикмат излайдиган, фалсафа ахтарадиган ва топа оладиган шоира.
Эй кўнгил, кўнгил десам мен,
Тўлдингу тошдинг, қара.
Кўнамиз, кўнгин десам мен,
Сен нега шошдинг, қара.
Ҳар киму ҳар ерда бордир
Азалий озори ишқ.
Мен-ку, нолонман йўл тополмай,
Сўндими шаштинг, қара.
Бор изидан, ё видо айт,
Айтганинг бўлмайди, бил.
Эй кўнгил, ҳоли харобим,
Севгининг гаштин, қара...
Мунаввара Усмонова муҳаббатнинг хушнуд дамларию ҳижрон аламларини юрак-юракдан тараннум этади. Ватан ва халқ бирлиги, юрт ободлиги, эртанги ёруғ кунларни кўриб тургандек фахр-ифтихор билан тасвирлайди.
Юз ёшга кирарман, эҳтимол,
Ё умр қисқадир, билмадим.
Тарк этмас барибир бир савол –
Шунча вақт ким учун яшадим...
Сайланмага адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов “Ёруғ сўзли шеърият” номли сўзбоши ёзган.
“Мен истеъдодли шоира Мунавваранинг шеърларини ўзидан аввалроқ таниганман... Шоиранинг ёзганларини ўқир эканман, шеърларининг мавзу кўламини аниқлашга ҳаракат қилдим. Чамаси, энг теран миллий туйғуларимизни одамлар ёдига солиш, ана шу эзгу фазилатларни тараннум этиш, хуллас, одамийликни ва ўзбекликни улуғлаш шоиранинг ижодидаги асосий пафос экан, деган хулосага келдим” дея ёзади олим. Ва у ҳақ.
Ўз овози, ўз оҳангига эга бўлган сўз устаси Мунаввара Усмонованинг “Киприкдаги тун” сайланмасини, албатта, ўқинг...
ЎзА