English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Мумтоз шеърият” халқаро фестивали якунланди
19:43 / 2023-03-30

Навоий шаҳрида ўтказилган “Мумтоз шеърият” халқаро фестивали ва ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлигининг биринчи йиғилиши ўз ниҳоясига етди.

Тадбирнинг иккинчи куни аввалида иштирокчилар, ижодкорлар, маънавият ва маърифат соҳаси фидойилари, талаба ва ўқувчи ёшлар вилоят марказидаги Алишер Навоий номи билан аталувчи истироҳат боғида қад ростлаган буюк мутафаккир ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиб, улуғ шоирга эҳтиром кўрсатди. Шундан кейин меҳмонлар марказий истироҳат боғида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали кўчатлар экди.

Тадбирнинг асосий қисми вилоят ҳокимлигининг тантаналар залида давом этди. Бу ерда ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлигининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. 1993 йилда ташкил этилган ТУРСКОЙ ташкилотининг мақсади туркий халқларнинг маънавий яқинлиги ва қардошлик бирлигини мустаҳкамлаш, туркий маданиятни дунёга танитиш ва унинг анъаналарини келажак авлодларга етказишдан иборат.

Яқинда Анқара шаҳрида туркий тилли давлатлар ижодий ташкилотлари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда эса ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлиги таъсис этилиб, унда ташкилотнинг илк йиғилишини Ўзбекистонда, Навоий шаҳрида ўтказиладиган “Мумтоз шеърият” фестивали доирасида ташкил этиш таклифи барча иштирокчилар томонидан бир овоздан маъқулланган эди.

Йиғилишни ташкилот бош котиби Султон Раев бошқариб борди ва фестивалнинг улуғ мутафаккир шоир Алишер Навоий номи билан аталган шаҳарда ўтаётгани алоҳида рамзий маънога эга эканлиги, мазкур анжуман туркий халқлар ўртасида адабий алоқаларни янада ривожлантириш, туркий халқлар мумтоз шеъриятини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилиш, адабиёт соҳасида халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.  

[gallery-11219]

Тадбирда жаҳон ва туркий халқлар адабиёти ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Озарбайжон Ёзарлар бирлиги раиси Анор Рзаевга ташкилотнинг энг юксак шараф нишони – Олтин медали топширилди.

– Озарбайжон ва ўзбек халқи ўртасида азалдан дўстона алоқалар мавжуд, – дейди Анор Рзаев. – “Мумтоз шеърият” халқаро фестивали ва ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлигининг биринчи йиғилиши айнан шоир номи билан аталувчи шаҳарда ўтказилиши буюк сўз санъаткорига бўлган чексиз эҳтиром ифодасидир. Бу улуғ зотнинг асарлари Озарбайжон шоирлари учун ҳам илҳом манбаи бўлиб келган. Бизнинг юртда яшаб ижод этган қатор шоирлар ижодида буюк мутафаккирнинг улкан таъсири бор. Унинг асарлари озарбайжон тилига таржима қилинган ва халқимиз севиб ўқишади.  

Йиғилишда туркий давлатлар Ёзувчилар уюшмалари раислари сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.  

– Алишер Навоий нафақат бутун туркий халқлар адабиётида, балки жаҳон адабиётида ўз ўрнига эга бўлган шоирлардан биридир. Уни бутун туркий тилларда ижод қилган шоирлар устоз, деб билишади, – дейди Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Улуғбек Есдавлат. – Бугун қозоқ халқи, адабиёт ихлосмандлари Алишер Навоий асарларини ўз тилларида мутолаа қилмоқда. Яқинда Навоийнинг “Хамса” асари қозоқ тилига таржима қилинди. Бу ҳам буюк Навоийга қозоқ халқининг эҳтироми намунасидир. Бугунги фестиваль доирасида эса ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлигининг биринчи йиғилишини ўтказдик. Унда ҳамкасбларимиз билан ўзаро фикр-мулоҳаза алмашиб, қилинажак ишларимизни режалаштириб олдик.  

Тадбирда Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, тадбир иштирокчиларига эсталик совғаларини топширди.

Вилоят маънавият ва маърифат марказида фестиваль доирасида “Мушоира кечаси” ташкил этилиб, “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” китобининг 30 жилдлиги, Алишер Навоийнинг қозоқ тилида чоп этилган “Хамса” асари тақдимотлари туркий тилларда ижод қиладиган шоир-ёзувчиларда чуқур таассурот қолдирди.

Куннинг иккинчи ярмида тадбир иштирокчилари юртимизнинг гўзал ва обод масканларидан бири Нурота туманидаги “Чашма мажмуаси”ни бориб кўришди.  

Улкан таассуротлар ва фикр-мулоҳазаларга бой тарзда ўтган “Мумтоз шеърият” халқаро фестивали ва ТУРКСОЙ Ёзарлар бирлигининг биринчи йиғилиши ўз ниҳоясига етди.

 

Абдували Бўриев,  

Сирож Аслонов (сурат), ЎзА