Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мулоқот майдони яратилди
17:59 / 2022-07-29

Муносабат

Маълумки, халқаро ташкилотлар ва бошқа давлатлар томонидан Афғонистонга ҳар томонлама гуманитар ёрдам бериб келинмоқда. Шундай бўлса-да, Афғонистон ҳамон оғир гуманитар вазиятда қолмоқда. “Толибон” Афғонистонда муваққат Ҳукумат тузганига ҳам қарийб бир йил тўлди.

Ўтган давр мобайнида Афғонистонда очарчилик, камбағаллик ва гуманитар ёрдамга муҳтож аҳоли кўпайиб борди. Ушбу вазиятни юмшатиш мақсадида халқаро ҳамжамият, жумладан, яқин қўшнилар афғон халқига гуманитар ёрдамни йўлга қўйди. Бу йўналишда Ўзбекистон, ўзбек-афғон чегарасини очган ҳолда, ушбу мамлакатга бирламчи зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа гуманитар ёрдамлар етказиб бермоқда. Бу эса, дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Афғонистондаги ҳозирги вазиятни юмшатиш, жаҳон ҳамжамияти эътиборини ушбу мамлакатдаги инқирозга қаратиш ҳамда мамлакатни қайта тиклашга қаратилган ишларни жадаллаштириш муҳимдир. Афғонистонда барқарорлик, хавфсизлик, урушдан кейинги тикланишга кўмаклашиш, кўп миллатли афғон халқи ва бутун дунё манфаатлари йўлида ушбу мамлакатни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига интеграциялашувини амалга оширишга доир масалалар ҳамон долзарблигича қолмоқда. Шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда, “Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш” мавзусида халқаро конференциянинг ташкил этилиши хар жиҳатидан аҳамиятли бўлди.

Биринчидан, Ўзбекистон томонидан ушбу конференциянинг ташкил этилиши Афғонистоннинг ҳозирги муваққат ҳукумати, яъни “Толибон”нинг минтақа давлатлари ва дунё мамлакатлари билан алоқаларини шакллантириш ҳамда улар билан очиқ конструктив мулоқотни йўлга қўйиш учун мулоқот майдонини яратиб бериш нафақат Ўзбекистонга, балки минтақа ҳамда дунё ҳамжамияти билан ҳам дипломатик муносабатларни ўрнатишга замин яратади.

Иккинчидан, ҳозирги вақтда Афғонистондаги вазият оғирлиги боис донор давлатларнинг ёрдами жуда ҳам муҳимдир. Ушбу мулоқот донор давлатлар ва хорижий мамлакатларнинг Афғонистон бўйича гуманитар дипломатиясини амалга оширишга яна бир бор туртки бўлади.

Учинчидан, Ўзбекистон Афғонистондаги янги вазиятга превентив дипломатия усуллари ҳамда халқаро миқёсда сиёсий-дипломатик механизмлари билан тўғри ва самарали ҳамда тизимли алоқаларни мунтазам равишда олиб бормоқда. Жумладан, БМТ, Европа Иттифоқи, АҚШ, Покистон, Эрон, Россия, Хитой, Япония ва бошқа мамлакатларнинг вакиллари ҳамда Афғонистон бўйича махсус вакиллари билан ўзаро мулоқотлар ташкил этган ҳолда мазкур конференцияни ташкиллаштирди. Ушбу давлатлар вакиллари Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича ташаббуслари ва саъй-ҳаракатларини юқори баҳоламоқда. Шу билан бирга, мазкур конферециянинг ташкил этилиши нафақат Ўзбекистонга, балки бошқа давлатлар ҳамда халқаро ташкилотларнинг ҳам манфаатларига мос келишини билдиради.

Хулоса қилиб айтганда, Афғонистон бўйича халқаро конференциянинг аҳамияти минтақа давлатлари ва дунё давлатларининг Афғонистонга эътиборини қаратиш, яъни “Толибон” билан яқин алоқаларни ўрнатишга чорловдир. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича ташаббусларини жаҳон ҳамжамиятига етказиш, ушбу мамлакатнинг минтақа ва бошқа давлатларга хавф сифатида эмас, балки Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида кўприк вазифасини ўташга хизмат қилишини билдириб ўтишдан иборат.

Искандар ЎРОҚБОЕВ,

«Тараққиёт стратегияси» маркази

бош мутахассиси.

ЎзА