Мулкдорлик – барқарорлик омили
“Биз – кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракати вакиллари – Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун масъулмиз!” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда Ўзбекистон Фермерлари кенгаши ҳамкорлигида “Биз – кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ҳаракати вакиллари – Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги учун масъулмиз!” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси С.Турдиев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси А.Шодмонов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка, фермерлик ҳаракатига алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида ушбу соҳа иқтисодиётдаги салмоқли улуши, роли ва таъсири билан давлат ва жамиятни ривожлантиришда алоҳида ўрин эгаллаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган тарихий ҳужжатлар мамлакатимизда мулкдорлар синфининг юзага келиши, хусусий мулкчиликка асосланган хўжалик юритиш шакли ривожланиши учун пойдевор бўлди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида”, “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонунлар қисқа муддатда саноат, савдо, умумий овқатланиш ва хизматлар соҳаларидаги давлат мулки бўлган минглаб объектларни хусусий мулкка айлантириш имконини берди. Мулк дахлсизлигига ҳуқуқий замин яратилди. Сўнгги йилларда амалиётга татбиқ этилган фармон ва қарорлар бу борадаги ишларни янада мустаҳкамлади.
Мустақиллик йилларида қишлоқ хўжалигида мутлақо янги иқтисодий муносабатлар жорий этилиб, фермерлик ҳаракатига кенг йўл очиб берилди. Бугунги кунда фермерлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90-92 фоизини ишлаб чиқариш билан бирга халқимиз фаровонлиги йўлида тинмай меҳнат қилаётган, қудратли ижтимоий-сиёсий ҳаракатга айланмоқда. Фермерларимиз аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлабгина қолмай, экспорт билан ҳам шуғулланмоқда.
Тадбирда Ватанимиз мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб жойларда олиб борилаётган тарғибот ишларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси гўзал бўлиб бораётгани, халқимизга муносиб турмуш шароитини яратиш борасидаги улкан ишларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенгроқ етказиш зарурлиги қайд этилди.