Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мулкдорлар манфаати – эътиборда
17:47 / 2015-04-08

“Аграр тармоқдаги таркибий ўзгаришларни янги босқичга кўтариш ва соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Тошкент вилояти Паркент туманида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамкорлигида “Аграр тармоқдаги таркибий ўзгаришларни янги босқичга кўтариш ва соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзусида амалий семинар ўтказилди.

Унда депутатлар, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши вакиллари, Тошкент вилояти ҳокимлиги, қишлоқ хўжалигига ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари мутасаддилари, тадбиркорлар ва фермерлар иштирок этди.

Мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида фермерлар нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, балки жойларда ижтимоий масалаларни ҳал қилиш, аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам етакчи кучга айланмоқда. Президентимизнинг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бунда муҳим аҳамият касб этаётир.

Иқтисодиётимизнинг ривожланиши ва халқимиз фаровонлиги ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва ҳосилдорлигини ошириш билан чамбарчас боғлиқ. Кейинги йилларда амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида 1 миллион 700 минг гектар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳаракат дастурида қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, қишлоқда мулкдорлар синфини шакллантириш учун фермерлик ҳаракатининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш каби чора-тадбирлар белгиланган.

Шу мақсадда фермер хўжаликларининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, уларни қайта ишлаш, қурилиш ва таъмирлаш ҳамда қишлоқ аҳолисига сервис хизматлари кўрсатиш борасидаги юмушларни тартибга солувчи “Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тайёрлаш, мазкур қонуннинг жойлардаги ижросини ўрганиш бўйича назорат-таҳлил ишлари режалаштирилган.

Семинарда қишлоқ хўжалиги ва чорвачиликда маҳсулдорликни ошириш, қишлоқ жойларда қайта ишлаш саноатини жадал ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди. Аграр соҳадаги ислоҳотларни амалга оширишда партиянинг халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари, фермерлар кенгашлари билан жамоатчилик ва депутатлик назоратларини доимий равишда олиб боришга доир вазифалар белгилаб олинди.