Мулк ўзиники бўлса, тадбиркор жон куйдириб ишлайди...
Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Қашқадарё вилоятида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган пресс-турда айни шу мавзуга алоҳида эътибор қаратилди.
Президентимизнинг 2019 йил 14 январдаги “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида ташкил этилган Ўзбекистон Республикасининг Давлат активларини бошқариш агентлигининг асосий вазифалари сифатида давлат активларини бошқариш, давлат иштирокидаги корхоналарнинг устав капиталидаги давлат улушини бошқаришнинг бозор механизмларини ишлаб чиқиш, давлат иштирокидаги корхоналарда замонавий корпоратив бошқарув усулларини жорий этиш, ушбу корхоналар фаолиятининг самарадорлиги учун уларнинг бошқарув органлари масъулиятини ошириш белгиланган.
Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан Қашқадарё вилоятида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилган пресс-турда айни шу мавзуга алоҳида эътибор қаратилди.
Пресс-тур Давлат активларини бошқариш агентлиги Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармасида матбуот анжумани билан бошланди. Унда оммавий ахборот воситалари вакилларига агентликнинг вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан 2019 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Вилоятда бўш турган давлат мулки объектларини аниқлаш, маҳаллий ҳокимликлар ва баланс сақловчи ташкилотлар билан ҳамкорликда улардан келгусида самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш бўйича муайян чора-тадбирлар амалга оширилган. Жумладан, хатловлар натижасида аниқланган 450 та бўш турган давлат мулки объектидан 137 тасининг фаолияти тикланган. 23 та объект транспорт қатнови йўлига тушганлиги ва бошқа ҳолатлар сабабли ўрнатилган тартибда бузилган. 31 таси аҳоли эҳтиёжи учун белгиланган тартибда турар жойга ўтказилган. 83 таси тадбиркорлик субъектларига берилган.
– Бўш турган давлат мулки объектларининг инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда “1 сўм”га тенг қийматдаги бошланғич нархда “E-ijro auksion” электрон савдо майдончаси орқали сотилиши тадбиркорларга кенг имконият яратди, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Мустафохон Султонов. – 2019 йилда хусусийлаштириш дастури асосида 44 та бўш турган давлат объекти “1 сўм” қийматда инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда “E-ijro auksion” электрон савдо майдончаси орқали 20,9 миллиард сўм ва 150 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш ҳамда 492 та янги иш ўрни яратиш мажбурияти билан сотилди. Шунингдек, ҳозирги кунда 13 та бўш турган давлат кўчмас мулк объекти 14,4 миллиард сўмлик инвестиция киритиш ва 131 та янги иш ўрни яратиш мажбурияти билан “1 сўм” қийматдаги бошланғич нархда “E-ijro auksion” электрон савдо майдончасида савдога қўйилган.
Тадбир иштирокчилари Қарши шаҳридаги собиқ “Қарши автошоҳбекат” биноси ўрнида ташкил этилган “GRANT MEBEL DIZAYN” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди.
Давлат мол-мулкини хорижий инвесторларга сотишда тендер савдолари ўтказиш бўйича давлат комиссиясининг ва вилоят ҳудудий танлов комиссиясининг баёнларига асосан Қарши шаҳрида жойлашган “Қарши автошоҳбекат” биноси фойдаланилмаётгани сабабли, янги иш ўринлари яратиш шарти билан, инвестиция мажбуриятлари эвазига “ноль” қийматда сотилиши бўйича комиссия томонидан “GRANT MEBEL DIZAYN” масъулияти чекланган жамияти ғолиб деб топилиб, олди-сотди шартномаси тузилган.
– Мазкур шартномага асосан ушбу объектда қурилиш ва бинони реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди, – дейди тадбиркор Равшан Комилов. – Ҳудуд ободонлаштирилиб, 2 миллиард 107 миллион сўм инвестиция киритилди. Шунинг ҳисобига хориждан замонавий мебель ишлаб чиқаришга мўлжалланган ускуналар олиб келинди. Ҳозир асосан ошхона, болалар ётоғи, меҳмонхона ва офис мебеллари ишлаб чиқарилмоқда. Бу 45 та янги иш ўрни яратиш имконини берди.
“Ўзшаробсаноат” акциядорлик жамиятининг Яккабоғ туманидаги “Davr sharob” масъулияти чекланган жамияти 2015 йилда алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган. Корхона ташкил этилгандан буён 2019 йилнинг биринчи ярмига қадар фаолият кўрсатмасдан келган.
– Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 5 февралдаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг айланмасини давлат томонидан тартибга солишни такомиллаштириш ҳамда узумчилик ва виночиликни ривожлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида“ги фармонига мувофиқ, “Ўзшаробсаноат” акциядорлик жамиятининг “Davr sharob” масъулияти чекланган жамияти устав фондидаги 10,1 фоиз улуши давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилди, – дейди Давлат активларини бошқариш агентлигининг вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ўктам Нусуров. – Жамият фаолиятини йўлга қўйиш учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилинди. Агентликнинг амалий ёрдами билан “ароқ ва ликёр” маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун рухсатнома олиниб, 2019 йилнинг октябрь ойидан ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 130 та янги иш ўрни яратилди ва жамият томонидан кунига 1 минг 300 деколитр тайёр маҳсулот чиқарилмоқда. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан “Davr sharob” масъулияти чекланган жамиятининг устав капиталидаги 10,1 фоиз давлат улушига имтиёзли ҳуқуқ қўлланилмасдан, жамиятнинг соф активларининг улушига тенг бўлган бошланғич баҳоси бўйича оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган ва “E-ijro auksion” электрон савдо майдончасида аукцион савдосига чиқарилган. Мақсад– корхонани тўлиқ давлат тасарруфидан чиқариш.
Шаҳрисабз шаҳридаги “Шаҳрисабз юлдузи” давлат унитар корхонаси ҳам 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, тўлиқ давлат тасарруфида. Бугунги кунда мазкур меҳмонхона замон талабига тўла жавоб бермайди. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 14 августдаги “Меҳмонхона соҳасига қўшимча инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ушбу меҳмонхона ҳам оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган ва сотувга қўйилган. Журналист ва блогерлар меҳмонхонадаги мавжуд ҳолат билан танишишди.
Хулоса шуки, объект ёки иншоот тадбиркорга хусусийлаштириб берилса, у ўз манфаати учун жон куйдириб ишлайди, сармоя киритади, ўзгаришлар қилади, янги технологиялар олиб келади. Шу билан бирга, янги иш ўринлари яратади. Юртбошимиз ташаббуси билан ташкил этилган Давлат активларини бошқариш агентлиги эса бу борада тадбиркорларга энг яқин кўмакдош бўлмоқда.