Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мукофотлар куч-шижоат бағишлаш билан бирга масъулият юклайди
15:32 / 2025-08-20

Андижонда Тадбиркорлар куни муносабати билан бир гуруҳ фаол, илғор ва ташаббускор тадбиркорларга мукофотлар топширилди.

Андижонлик тадбиркорларнинг илғор вакиллари қатнашган тадбирда вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, тадбиркорларни мамлакатимизда кенг нишонланаётган Тадбиркорлар куни билан муборакбод этди.  

Кейинги йилларда юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яратиш, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганди, хусусан, тадбиркорларнинг самарали фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратиб берилди.  

Андижон вилоятида кичик ва хусусий бизнесни ривожлантириш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлиги натижасида ушбу соҳанинг вилоят иқтисодиёти ривожи, аҳоли бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини юксалтиришдаги роли салмоқли эканлиги алоҳида қайд этилди.  

Тадбирда Тадбиркорлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига асосан унвон, орден, медаль ва «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирланганларга мукофот ва нишонлар топширилди.

–Тадбиркорлик борасидаги фаолиятим, меҳнатларим эътироф этилиб, “Дўстлик” ордени билан тақдирланганлигимдан хурсандман, – дейди Хўжаобод туманидаги “Xo‘jaobod Fayz-M» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Фарҳоджон Зокиров.  – Мукофот менга куч ва шижоат бағишлаш билан бирга, зиммамга катта масъулият юклайди. Тадбиркорлик борасидаги ишларим кўламини янада кенгайтиришга, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришга астойдил ҳаракат қиламан.  

Бугунги кунда мамлакатимиз иқтисодий ривожланишини юқори босқичга кўтариш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, юртимизнинг ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бангдлигини таъминлашда тадбиркорларнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта.

[gallery-24855]

–Корхонамизда асосан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, – дейди  “Фаол тадбиркор” кўкрак нишони билан тақдирланган Пахтаобод туманидаги «The Besttex» масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Шаҳзод Отабеков. – Айни кунда маҳсулотларимизнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинади. Тадбиркорлик борасидаги камтарона фаолиятим эътироф этилганлигидан хурсандмман. Мақсадим юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишдир.  

Ф. Убайдуллаев,

З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари