ФОТОРЕПОРТАЖ
“Зулфияхоним издошлари” лойиҳасининг навбатдаги қаҳрамони — наманганлик Холида Мирзакпарова 2001 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган. У бу юксак эътирофни янги ютуқлар сари даъват ва ёш авлод тарбияси йўлидаги катта масъулият сифатида қабул қилди.
Холида Мирзакпарова Наманган давлат университетининг санъатшунослик факультетида таҳсил олиб, ўз билим ва маҳоратини мустаҳкамлади. Меҳнат фаолиятини Наманган шаҳар халқ таълими тизимидаги 42- ва 52-умумтаълим мактабларида ўқитувчиликдан бошлади. Кейинчалик Наманган санъат коллежида дизайн кафедрасида фаолият юритиб, кўплаб иқтидорли ёшларнинг камол топишига ҳисса қўшди.
Айни вақтда Наманган ихтисослаштирилган санъат мактаби дизайн бўлими ўқитувчиси сифатида самарали меҳнат қилиб келмоқда.
[gallery-27721]
Қаҳрамонимиз нафақат малакали педагог, балки ёшлар учун ибратли устоздир. У шогирдларига санъат сирларини ўргатиш баробарида, уларни юксак маънавият, миллий қадриятларга ҳурмат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашни ўзининг устувор вазифаси, деб билади.
Шу билан бирга, уч фарзанднинг меҳрибон онаси сифатида оила ва касб масъулиятини уйғун олиб бораётган замонавий, фаол ва ташаббускор аёл тимсолидир.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА