Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мукофот масъулияти интилишга ундайди
12:16 / 2025-02-04

Мамлакатимизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш, ўз истеъдод ва салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқариш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Юртимизда ўтказилаётган қатор кўрик-танловлар, санъат, спорт фестиваллари ёш истеъдод соҳибларининг камол топишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, иқтидорли ва фаол қизларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган Зулфия номидаги давлат мукофоти танлови ўтган йиллар давомида фан, таълим, адабиёт, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ҳамда жамоатчилик фаолияти йўналишларида юзлаб ёш иқтидор соҳибаларини кашф этди. Жумладан, ўтган йиллар давомида биргина Андижон вилоятидан 32 нафар қиз ана шу юксак мукофот соҳибига айланди.

Улардан бири каратэ бўйича олти карра Ўзбекистон, икки карра Марказий Осиё чемпиони Дурдона Қурбоновадир.    

Дурдона Қурбонова Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтида гимнастика мутахассислиги йўналишида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини ҳам ўзи таҳсил олган институтнинг Яккакураш спорт турлари факультети “Гимнастика назарияси ва услубияти” кафедрасида ўқитувчиликдан бошлаган.  

Дурдона ҳозирда Андижон давлат университети спорт ва санъат факультети ўқитувчиси, мураббий, Факультетлараро жисмоний тарбия ва спорт кафедраси доценти сифатида спорт ва бадиий гимнастика йўналишида талабаларга сабоқ беради. Бугунги кунда унинг шогирдлари, талабалари Универсиада, Талабалар лигаси, “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт ўйинларининг вилоят, республика босқичларида, шунингдек, мамлакат чемпионатлари, халқаро турнирларда муваффақиятли иштирок этиб келмоқда.  

Хусусан, университетнинг спорт ва санъат факультети 1- босқич талабаси Мафтунабону Эргашалиева ўтган йилнинг декабрь ойида Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида бадиий гимнастика бўйича ўтказилган “ALEM CUP-2024” халқаро турнирида муваффақиятли иштирок этиб қайтди. Дурдонанинг бу каби ютуқларга эришаётган шогирдлари сафи эса йилдан-йилга ортиб бормоқда.    

Амалиёт билан назариётни тенг олиб бораётган Дурдона Қурбонова илмий йўналишда ҳам қатор ютуқларни қўлга киритди. У 2021 йилда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг мустақил изланувчиси сифатида “Ёш бадиий гимнастикачиларда фазо ва вақтни идрок этиш ёрдамида махсус координацион қобилиятларни ривожлантириш” мавзусида илмий изланишлар олиб борди.  

Фаолияти давомида спортни, хусусан, бадиий гимнастиканинг оммавийлигини ошириш, хотин-қизлар спортини ривожлантириш мавзусида республика, халқаро илмий журналлар, матбуот нашрларида унинг 50 га яқин илмий-услубий мақолалари эълон қилинди. Бундан ташқари, у  мутахассислиги бўйича 3 та ўқув, 1 та услубий ҳамда 1 та электрон қўлланма яратган ўз соҳанинг малакали мутахассисларидан биридир.  

– Мен эришган ютуқларим учун Зулфия номидаги Давлат мукофотини қўлга киритган юртимизнинг энг бахтли қизларидан бири бўлганман, – дейди Дурдона Қурбонова. – Кейинги фаолиятимда ана шу мукофотга муносиб бўлишга ҳаракат қилдим. Мукофот масъулияти ҳамиша мени олға интилишга, юксак марралар сари ундаган. Асосий мақсадим, самарали фаолиятим билан юртимиз спортини ривожлантиришга, малакали, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш, маҳоратли спортчилар сафини кенгайтиришга муносиб ҳисса қўшишдир. Ишонаманки, ёш спортчиларимиз келгусида биздан-да, кўпроқ ютуқларга эришади.  

Спортдаги ютуқлари, самарали педагогик фаолияти билан кўпларга намуна бўлиб келаётган Дурдона Қурбонова шириндан-ширин фарзандларнинг меҳрибон онаси, ибратли оиланинг бахтли бекаси ҳамдир. Бир сўз билан айтганда, қаҳрамонимиз оилада, кенг жамоатчилик орасида ҳурмат-эътибор топган юртимизнинг илғор, фидойи ва фаол аёлларидан бири.  

Ф.Убайдуллаев,  

З.Умрзоқов (сурат),  

ЎзА мухбирлари