Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Мукофот кишига масъулият юклайди
11:27 / 2020-08-27

Бугун матбуотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.


Бугун матбуотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Тақдирланганлар орасида «Китоб дунёси» газетасининг ўзбек адабиёти бўлими муҳаррири Раҳмат Бобожон ҳам бор. У ЎзА мухбирига таассуротлари ҳақида сўзлаб берди:

–Ижодкор учун мухлис эътирофидан-да юксак мукофот йўқ, аслида. Кўпам танлов, мусобақаларга ҳужжатларимни топширавермайман. «Мард ўғлон»га иккилана-иккилана ҳужжатларимни тақдим этгандим. Орада синовли кунлар бошланди, бу ёғи карантин, ишлар секин-аста давом этаверди. Газетамизда иш қизғин. Ҳатто мукофотга ҳужжат топширганим ҳам эсимдан чиқди...

Бугун эрталабдан телефонимга қўнғироқлар, табриклар келди. Ҳозир ҳам телефоним тингани йўқ. Очиғи, кутмаган эдим. Авваллари, одамлар мукофот олганда ОАВ ходимларига интервью берса кутмагандим, кутилмаганда бўлди, десалар наҳотки кутмайди, олишини аввалдан биларди-ку, деган фикрлар хаёлимдан ўтарди. Йўқ унақа эмас экан. Менда ҳам шу ҳолат бўлди.

«Китоб дунёси» газетасида ишлаб имкониятларим янада кенгайди. Шеърият билан биргаликда бадиий таржимада ҳам ўзимни синаб кўрдим. Озарбайжон, турк ва рус тилларидан таржималар қилдим. ОАВ да эълон қилиб, устозлар эътирофига, тенгдошлар олқишига сазовор бўлдим.

Ижодкор аҳли оддий эътибордан кўнгли тоғдек кўтарилувчи киши бўлади. Шеъримизни кимдир эътироф этса, мақтаса, ана шу бизга илҳом беради. Ижод оламидаги ишларимиз ҳукумат томонидан эътиборга олинса, бу бизни янада ғайрат билан ишлашга, жамият тақдири учун куйинишга ундайди.

Мукофот кишига масъулият юклар экан. Ҳозирдан орзулар рўёби ҳақида ўйлашга, қадамларни дадил ташлашга ҳаракат қиляпман.

Бу мукофот шу вақтгача қилган ишларим учун эмас, келажакда ўзбек адабиётини кенгроқ тараннум этишим, уни янада бойитишим учун берилди, деб ўйлайман.