Сирдарё вилоятида жамият ва давлат ҳаётида фаоллик кўрсатиб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб келаётган ҳамда маҳалла ва оила ҳаётида намуна бўлиб хизмат қилаётган 13 нафар хотин-қиз “Мўтабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Шу муносабат билан вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармасида тантанали маросим ташкил этилди. Тадбирда тақдирланган аёллар, жамоатчилик вакиллари ҳамда турли соҳаларда фаолият юритаётган хотин-қизлар иштирок этишди.

Маросимда вилоят ҳокими ўринбосари ва Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибоева иштирок этиб, тақдирланганларга “Мўтабар аёл” кўкрак нишони ва эсдалик совғаларини топширди.
Бу йилги тақдирланганлар орасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Саодат” журналининг Сирдарё вилояти бўйича мухбири Холида Пардабоева ҳам бор. “Саодат” журнали мамлакатимиз хотин-қизларининг ижтимоий-маънавий ҳаёти, оила ва тарбия масалалари, миллий қадриятлар ҳамда жамиятда аёллар фаоллигини тарғиб этиб келаётган нуфузли нашрлардан бири ҳисобланади.

Кўп йиллик ижодий фаолияти давомида Холида опа мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва фаоллиги, оила ва маҳалла мустаҳкамлигига бағишланган кўплаб мақолалари билан кенг жамоатчиликка яхши таниш.
– Бу эътирофни катта масъулият ва ишонч сифатида қабул қиламан. Журналист учун энг катта бахт — халқ ҳаётидаги янгиланишлар, инсонлар тақдири ва меҳнатини холис ёритиш. Бундай мукофот инсонни янада фаол ижод қилишга ундайди, – дейди Холида Пардабоева.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири