Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муҳтожларга субсидия ажратилмоқда, аммо нега субсидия параметрларига муносиб уйлар йўқ? (+видео)
18:41 / 2022-02-04

Бугунги кунда Ўзбекистон аҳолиси 35 миллиондан ошган ва бу кўрсаткич 2026 йилга бориб 38 миллионни ташкил этиши тахмин қилинмоқда. Бу эса аҳолини уй-жойга бўлган эҳтиёжи йилдан-йилга ошаётганини англатади.

Шу боисдан мамлакатимизда муҳтож оилаларни ижтимоий ва молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг уй-жой олишлари учун субсидия ажратилмоқда.

МУРОЖААТЛАРДАН...

Юртдошларимиз томонидан субсидия билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

“...Уй-жойга эҳтиёжим бўлгани учун субсидияга ариза топширдим. Менга субсидия сертификати топширилди. Тошкент шаҳрида субсидия параметрларига тўғри келадиган уй-жойлар қурилиши айтилган эди. Аммо Тошкент шаҳар ҳокимлигидан сўрасак, бундай уй-жойлар қурилмаганини айтишди. Ҳафсалам пир бўлиб, бир қанча хусусий уй-жой қурилиш фирмаларнинг субсидия асосидаги уйларини суриштирдим. Аммо улар 3-4 баробар қиммат. Бундан ташқари, менга тавсия қилинган уйларнинг аксарияти охирги қаватлардан экан. Шу боис субсидияга уй-жой олиш ниятидан қайтдим...”

Бу пойтахтимизнинг Сергели туманида истиқомат қилувчи Лобар Сатторованинг фикрлари эди.

Шу каби мурожаатларга ойдинлик киритиш мақсадида ЎзА мухбири Тошкент шаҳар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи Мурод Тўйчиев билан суҳбатлашди.

– Фуқароларимизнинг уй-жой учун субсидия олиш мақсадидаги аризалари асоссиз рад этилганини билдирмоқда. Комиссия аъзолари қандай талаблар асосида фуқарога баҳо беради? Субсидия бериш мезонлар қандай?

– Субсидия даромади юқори бўлмаган, уй-жойи йўқ, ижтимоий аҳволи оғир фуқароларга давлат томонидан қайтариб олинмайдиган маблағ ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарорига кўра, «Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланган.

Мазкур низомга асосан комиссиялар тузилган ва улар фуқароларга баҳо беради. Йиғилган баҳо асосида уларга субсидия ажратилади. Фуқароларимиз қандайдир хусусий корхоналарда ишлашини, таниш-билишлари орқали йиллик даромад солиқларидаги маълумотларни нотўғри тақдим этишлари боис аризаларига рад жавоби берилади. Бугунги кунда субсидия топшириш электрон тизимга ўтганидан сўнг бундай ҳолатларнинг олди олинмоқда.

– Тошкент шаҳри мисолида оладиган бўлсак, 2021 йил қанча фуқаро субсидия олиш учун ариза топширган?

– 2021 йилда Тошкент шаҳрида бюджет параметри ҳисобидан 4 минг 500 та оилага субсидиялар ажратиш белгиланган. Яъни умумий қиймати қарийб 275 миллиард сўм маблағ атрофида субсидия ажратилиши белгиланган. 2021 йил якуни бўйича сарҳисоб қилиб қарайдиган бўлсак, субсидия олиш бўйича 14 мингдан ошиқ фуқаролардан аризалар келган. Шундан 4 минг 377 та фуқаронинг аризаси қаноатлантирилган. Ҳозирда 477 та фуқаро амалда субсидия сертификатларини олиб, уй-жойлар бўйича хусусий пудрат ташкилотлари билан шартномалар тузган. 477 та хонадонга субсидия маблағлари тўлаб берилган.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/kzTZuqXCO1c" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

– Қайси сабабларга кўра ариза берувчи субсидия олишда устунликка эга бўлади? Қандай ҳолатда ариза рад этилади?

– Аризалар электрон тизимда текширилади. Субсидия бўйича тушган аризалар комиссия томонидан ўрганилади. Комиссия таркиби қуйидагилардан иборат. Аҳоли ва бандликка кўмаклашиш масъул ходимлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари, Ёшлар ишлари агентлиги, тиббиёт ходимлари, ички ишлар бўлими, тижорат банклари, солиқ идора ходимлари ҳамда ҳар бир туман ҳокимининг Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими ходими. Мазкур комиссия фуқароларнинг аризаларини ўрганиб балл беради. Фуқаролар комиссиядан 30 ва ундан юқори балл йиғса, аризаси қаноатлантирилади. 30 балдан кам бал тўплаган фуқароларнинг аризалари рад этилади.

– 2022 йилда уй-жой олиш учун қанча субсидия ажратилди?

– Тошкент шаҳрида 2022 йилда 4 минг 314 та фуқарога давлат бюджетидан 238 миллиард субсидия маблағи йўналтирилган.

– Субсидия маблағи эгаси бўлган баъзи фуқаролар харид қилмоқчи бўлган уйлари 3-4 баробарга қимматга тушишини айтмоқда. Буни қандай изоҳлайсиз?

– Бугунги кунда 400 миллион сўмгача бўлган субсидия сертификатларини олган фуқаролар ҳам қабулга келишган. Сотиб олмоқчи бўлган уйим 400 миллион сўм бўлса, буни 20 йил тўлайдиган бўлсам, уйнинг нархи 700-800 миллион сўмга чиқиб кетар экан, деган ҳақли эътирозлар билдиришади. Бу бўйича фуқароларга ҳуқуқий тушунчалар берамиз. Масалан, субсидия олган фуқароларга уй-жойнинг 15 фоизли дастлабки бадалининг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади.

Даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларга якка тартибдаги уй-жойларга ажратилган ипотека кредитлари бўйича дастлабки беш йил мобайнида фоиз ставкасининг 10 фоизлик пунктдан ошган қисмини қоплаш учун Давлат бюджетидан субсидиялар ажратилади. Субсидиялар қурилган (реконструкция қилинган) якка тартибдаги уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари расмийлаштирилган ойдан кейинги ойдан бошлаб тўланади.

– Кўпчилик фуқаролар субсидия асосида қурилган уй-жойлар йўқлигини айтмоқда. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида субсидия параметрларига тўғри келадиган уй-жойлар қурилганми?

– Тошкент шаҳрида субсидия параметри асосида уй-жойлар қурилмоқда. Мисол учун "Golden House" компанияси томонидан субсидия асосида қурилган уйлар шулар жумласидан. Президентимизнинг 2021 йилнинг 11 мартида «Бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитларини ажратиш орқали аҳолини уй-жой билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ 2021 йилда Тошкент шаҳрида 7 000 та уй-жой қурилиши белгиланган эди. Аммо бугунги кунда Тошкент шаҳрида давлатимиз томонидан субсидия параметрларига тўғри келадиган уй-жойлар қурилмаган.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги «Янги Ўзбекистон массивларини қуриш» тўғрисидаги фармонларига мувофиқ, Тошкент шаҳрида 2022 йилда 1 минг 536 та квартиралардан иборат 24 та кўп қаватли уй-жойлардан ташкил топган «Янги Ўзбекистон» массиви қурилиши режалаштирилган.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА