Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий ётоқхона берилди
14:58 / 2022-09-12

Бухоро шаҳридаги собиқ “Бухоротекс” фабрикасига қарашли иншоотлардан бирининг ўрнида замонавий қиёфада барпо қилинган Ижтимоий ётоқхона фойдаланишга топширилди.

Саноатчилар кўчасида жойлашган уч қаватдан иборат иншоот шу кунга қадар абгор ҳолда эди. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси асосида тажрибали қурувчи Аҳтам Улуғов раҳбарлигидаги “47-сон ХКМК” МЧЖ бунёдкорлари томонидан амалга оширилган қурилиш-таъмирлаш ишларидан сўнг бино янгича, кўркам қиёфа касб этди. Лойиҳа давлат бюджети ҳисобидан 6 миллиард 320 миллион сўмга молиялаштирилди. Ижтимоий ётоқхона 440 ўринга мўлжалланган бўлиб, 100 хонадан иборат. Бу дегани, ҳар бир аёлнинг фарзанди билан бир шинам хонада рисоладагидек умргузаронлик қилиши учун қулай имконият яратилган. Мукаммал таъмирдан чиқарилган иншоот бугунга келиб умумий қиймати 2 миллиард сўмга яқин сармоя эвазига зарур инвентарлар билан жиҳозланди. Унда маърифат ва маънавият хонаси, шинам ошхона, шунингдек, санитария-гигиена тармоғи ҳам бор. Бунда зарур инфратузилма — табиий газ, электр энергияси, тоза ичимлик суви шай ҳолатга келтирилган. Бу кўчиб ўтаётган оилалар учун қулайликдир.

Ижтимоий ётоқхонани фойдаланишга топшириш маросимида Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси З.Маҳкамова, Бухоро вилояти ҳокими Б.Зарипов, вилоят ва шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, секторлар раҳбарлари, маҳалла фаоллари ва меҳнат фахрийлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

[gallery-8740]

Тадбирда юртимизда аёлларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар хусусида сўз борди. Бугун эҳтиёжманд аёллар оилаларига тортиқ этилаётган ижтимоий ётоқхона ва улардаги замонавий талабга жавоб берадиган шинам уйлар бу борадаги амалий саъй-ҳаракатнинг ёрқин намунаси. Ижтимоий ётоқхона ёнидан барпо этилган мактабгача таълим муассасаси ҳам ёлғиз оналар ва уларнинг жажжи фарзандлари камолоти учун хизмат қилади. Бундан ташқари, бу аёллар “Камалак Шабнам текс” тикув цехида иш билан таъминланиб, келажакда субсидия асосида уй олиш имкониятига эга.

Тадбирда ижтимоий уйларнинг калитлари тантанали равишда ўз эгаларига топширилди. Йиғилганлар бинода яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Шунингдек, мутасаддилар “Kamalak Shabnam Teks” МЧЖ томонидан ишга туширилган тикувчилик фабрикаси фаолиятини ҳам ўрганди. Лойиҳа қиймати 12 миллиард сўмга тенг бўлган корхонада ишлаб чиқарилаётган эко сумкалар ва махсус формалар Польша, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатларга экспорт қилинади. Экспорт ҳажми ойига 120 минг АҚШ долларини ташкил этади. Жамият масъулларининг маълум қилишича, тез орада мазкур тикув цехида 200 га яқин хотин-қизлар учун қўшимча иш ўринлари яратилади.

 

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА