Ўзбекистон Республикаси Президенти “Муҳтож шахсларни протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, 2024 йил 1 майга қадар электр юритмали кресло-аравача, вело кресло-аравача, санитария ускуналари билан жиҳозланган механик кресло-аравача, юриш мосламаси (роллатор), тўрт оёқли ҳасса, овозли термометр ва тонометр ҳамда бошқа воситаларни инобатга олган ҳолда давлат томонидан кафолатланган тарзда таъминланадиган протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари турлари 18 тадан 30 тага кенгайтириш, шунингдек, 2024 йил 1 майдан бошлаб протез мосламалари ва реабилитация воситалари хариди учун давлат томонидан муҳтож шахсларга қоплаб бериладиган маблағлар миқдорини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб ўртача уч бараваргача, айрим воситаларнинг турларини эса ўн бараваргача ошириш белгиланган.
2024 йил 1 майдан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларига муҳтожлиги алоҳида тиббий хулоса расмийлаштирмасдан ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома асосида белгиланади.
Ногиронлик гуруҳига эга бўлмаган пенсия ёшидаги шахсларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларига муҳтожлиги тўғрисидаги тиббий хулоса "Тиббий-ижтимоий экспертиза" электрон ахборот тизими орқали расмийлаштирилади.
2024 йил 1 майга қадар Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида, 2024 йил 1 октябрга қадар республиканинг бошқа барча ҳудудларида муҳтож шахсларни протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан ваучер асосида таъминлаш тартиби жорий этилади. Унга мувофиқ:
муҳтож шахсларни протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш электрон тижорат ортали амалга оширилади;
электрон тижорат орқали протез мосламалари ва реабилитация воситаларига буюртма бера олмайдиган муҳтож шахсларга "Инсон" ижтимоий хизматлар марказлари ва ижтимоий ходимлар томонидан кўмак бериб борилади;
ваучер асосида реабилитация қилишнинг техник воситаларини ўзининг электрон савдо майдончасида реализация қилиш истагини билдирган электрон савдо майдончасининг операторлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан жалб этилади;
ваучер қиймати билан сотиб олинган протез мосламалари ва реабилитация воситаларининг нархи ўртасида ҳосил бўлган салбий фарқ муҳтож шахсларнинг ўз ҳисобидан қопланади, ижобий фарқ ҳосил бўлганда эса муҳтож шахсларга унинг 20 фоизини рағбатлантириш сифатида олиш имконияти тақдим этилади. Бунда, мазкур рағбатлантириш маблағлари жисмоний шахсларнинг солиқ солинадиган жами даромадлари таркибига киритилмайди.
"Инсон" ижтимоий хизматлар марказларидаги ижтимоий ходимлар гуруҳлари томонидан протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминланган муҳтож шахсларни таълим ва спортга жалб этиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш каби йўналишларда ижтимоий ҳаётга мослаштириш чоралари кўрилади.
2024 йил 1 мартдан бошлаб хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг протез мосламалари ва реабилитация воситаларини, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги аризаларини кўриб чиққанлик ва тегишли гувоҳнома берганлик учун ундириладиган йиғимлар миқдори 50 фоизга камайтирилади, шунингдек, 2027 йил 1 январга қадар рўйхат асосида протез мосламалари ва уларнинг бутловчи, эҳтиёт қисмларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда қўшилган қиймат солиғи олинмайди.
2024 йил 1 октябрдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари Давлат бюджети, бюджетдан ташқари маблағлар ва ҳомийлик хайриялари ҳисобидан протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминланган фуқаролар тўғрисидаги маълумотларни доимий равишда "Ягона миллий ижтимоий ҳимоя" ахборот тизимига мажбурий тартибда киритиб бориш тизими йўлга қўйилади.
ЎзА