Бадиий ижодда тасвирий санъатнинг ўрни беқиёс. Юртимиз мўйқалам соҳиблари, дизайнер ва ҳайкалтарошларини ўз атрофида бирлаштирган Ўзбекистон Бадиий академияси турли ижодий-маърифий лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб, мамлакатимиз тасвирий ва амалий санъатини жаҳон миқёсида муносиб тарғиб этиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 июлда қабул қилган “Тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори нафис санъат соҳасида янги тараққиёт йўлини бошлаб бергани аниқ.
Мазкур ҳужжатнинг аҳамияти хусусида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нуридинов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Ушбу қарор Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъатини янада ривожлантириш ва жаҳон миқёсида оммалаштириш, истеъдодли ёш рассомларни қўллаб-қувватлаш, бадиий таълим соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш тизимини илғор хорижий тажриба асосида такомиллаштиришдек эзгу мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятлидир.
Айтиш керакки, мазкур қарор устида узоқ вақт ва пухта иш олиб борилди. Унга кўра, 2026-2027 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида Бадиий кўргазмалар дирекциясининг кўргазмалар зали жаҳон стандартлари асосида реконструкция қилинади ва жиҳозланади. Шу билан бирга Бадиий кўргазмалар дирекцияси фондининг Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Лутфий кўчаси 10-уй манзилида жойлашган биноси реконструкция қилинади. Айтиш керакки, мазкур фондда 15 мингдан ортиқ санъат асари бор бўлган ушбу бино ҳозирги талабларга умуман жавоб бермайди. Унинг ҳудудида ерда 40 та ижодий устахона, замонавий галерея, кутубхона, фотолаборатория, 15 мингдан ортиқ ноёб асарни сақлаш учун махсус фонд, ёш рассомлар марказини очиш режалаштирилган. Бир сўз билан айтганда, бу жой ўзига хос санъат шаҳарчаси бўлади.
Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳудудида қўшимча бино қурилади. У ерда миллий усулда қоғоз тайёрлаш бўйича юридик шахс мақомига эга бўлмаган ўқув-ишлаб чиқариш устахонаси ташкил этилади.
Павел Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби ҳудудида қўшимча 400 ўринли ўқув биноси қурилади. Шу билан бирга мазкур мактаб ҳудудида 200 ўринли ўқувчилар турар-жой биноси барпо этилади. Тошкент Фотосуратлар уйида Мультимедиа маркази барпо этилади.
Бадиий ижодкорлар уюшмаси ёш аъзолари учун рассомлар ижодий устахоналари йўлга қўйилади. Уюшма тавсиясига кўра, Бадиий академия бошқаруви кенгаши қарорига мувофиқ, мазкур ижодий устахоналар ёш рассомларга муайян муддатга текинга фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади.
2026 йилдан бошлаб Бадиий академия ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳамда ҳомийлар ва халқаро грантлар ҳисобидан ҳар йили танлов асосида Рассомлик маҳорати устахонаси стажёрлари, энг истеъдодли ёш рассом, ҳайкалтарош, дизайнер, реставратор, санъатшунос ва музейшуносларни хорижий мамлакатларда малака ошириш ва стажировкага юбориш амалиёти йўлга қўйилади.
Рассомлик маҳорати устахонасида истеъдодли ёш рассомларни устоз- шогирд анъаналари асосида тарбиялаб келаётган таниқли ижодкорлар Бадиий академияга давлат бюджетидан ажратилган маблағлар доирасида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,6 бараваригача миқдорда ҳар ой қўшимча рағбатлантириб борилади.
Соҳадаги нуфузли хорижий олийгоҳларнинг ўқув режа ва дастурлари, кадрлар тайёрлаш андазалари Миллий рассомлик ва дизайн институти фаолиятига 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич жорий этилади. МРДИда ташқи ўриндошлик асосида ишлаётган илмий даража ва илмий унвонга эга бўлган ижодкор педагог кадрлар мазкур таълим ташкилотининг илмий салоҳият кўрсаткичларида инобатга олинади. Ушбу институтда фаолият олиб бораётган педагог кадрлар томонидан яратилган юксак бадиий асарлар олийгоҳ кенгаши қарорига асосан монографияга тенглаштирилади.
МРДИнинг ўқув дастури доирасида психология ва педагогика фанларидан таҳсил олган рангтасвир, амалий санъат ва дизайн бакалавриат таълим йўналишлари ҳамда магистратура мутахассисликлари битирувчиларига умумий ўрта таълим мактабларида тасвирий санъат фанидан дарс беришга рухсат этилади.
2025 йил 1 июлдан бошлаб Бадиий академия марказий аппарати ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси бўлимлари ходимлари учун 200 фоиз миқдорида ойлик устамалар белгиланди. Шу билан бирга кўп йиллик меҳнати учун рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда ходимларининг лавозим маошига белгиланган ҳажмда ҳар ойда устама тўлаш йўлга қўйилади.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг “Тасвирий ва амалий санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида бадиий ижод соҳасида кўплаб имконият ва шароитлар кўзда тутилгани ва уларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари белгилангани диққатга сазовор.
Ўзбекистон Бадиий академиясининг юзлаб ижодий-маърифий лойиҳалари бор. Тасвирий ва амалий санъат фестивали, халқаро биенналелар, ТУРКСОЙ рассомларининг халқаро кўргазмалари, “Тошкент қувончлари” халқаро болалар расмлари кўргазмаси, ижодий танловлар, бир-бирини такрорламайдиган кўргазмалар, форум ва анжуманлар давлатимизнинг кўмаги билан муваффақиятли ўтказилмоқда. Ушбу ижодий лойиҳалар воситасида миллий тасвирий санъатимиз, ундаги ижодий жараёнлар республика ва жаҳон миқёсида фаол тарғиб этилмоқда.
Бадиий академиянинг вазифаси ҳаммани рассом сифатида шакллантириш эмас, балки одамларнинг дидини, бадиий тафаккурини, маданиятини тарбиялашдан иборатдир. Чунки, ҳақиқий санъатга ошно инсонлардан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Зеро, бугунги кунда сиёсат, иқтисодиёт, экология, умуман, барча-барча соҳалар ривожи санъат ва маданият билан бевосита боғлиқдир. Шундагина ривожланган давлатга, ривожланган жамиятга эришиш мумкин!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова ёзиб олди.