Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрида буюк шоир бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига бағишланган тантанали адабий-маърифий кеча бўлиб ўтди.
Кечага адабиёт ихлосмандлари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, ўқитувчилар, талаба-ёшлар таклиф этилди.
Тадбир аввалида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг машаққат ва синовларга тўла ҳаёти, бетакрор ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлиги ҳузуридаги Кинематография агентлиги бош директорининг ўринбосари Шуҳрат Ризаев Президентимизнинг Бобур ижодини ўрганишга оид қарори улуғ жаҳонгир аллома ҳаёти ва асарларини тадқиқ этишда янги босқични бошлаб берганини таъкидлади.
– Бобур ўта зиддиятли, мураккаб даврда яшаб ижод қилди, – деди Шуҳрат Ризаев. – Шўролар даврида Бобур шахсиятига феодал табақа вакили сифатида ёндашилди. Олимларимиз томонидан кўплаб тадқиқотлар олиб борилсада, бу изланишлар узоқларга етиб бора олмади. Раҳматли Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асари неча йиллар таъқибга учради. Истиқлол йилларида Бобур ижодини ўрганишга катта эътибор қаратилди. Бу борада Зокиржон Машрабов раҳбарлик қилаётган Бобур номидаги халқаро жамоат фонди наинки мамлакатимиз, балки хорижда фаол иш олиб борди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Бобур ижодини ўрганиш кенг қулоч ёзди. Мумтоз шоир, қомусий олимнинг “Бобурнома” асари итальян тилида чоп этилди. Бу эса дунё аҳлига бизнинг томиримизда кимларнинг қони борлигини англатиши билан бирга Бобур ижодига бўлган қизиқишни тобора орттирди.
Дарҳақиқат, Бобур ижодида унинг “Бобурнома” асари муҳим ўрин эгаллайди. Бугун ҳам ушбу асарни ўқиб, тадқиқ этаётган дунё олимлари юртимиз, аждодларимизнинг буюк интеллектуал салоҳияти, дунё тамаддунидаги, адабиётидаги ўрнини юксак эътироф этмоқда.
Тантанали кечада Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раисининг биринчи ўринбосари Зоҳиджон Машрабов мазкур фонд томонидан олиб борилган эзгу ва савобли ишлар, Бобур ижодини ўрганиш мақсадида жаҳоннинг кўплаб давлатларига уюштирилган экспедициялар, келтирилган қимматли манбалар ҳамда бунинг натижасида чоп этилган илмий-маърифий асарлар хусусида батафсил сўзлади.
Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Қорақалпоғистон халқ шоири Кенесбой Каримов буюк бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодининг қорақалпоқ заминида ҳам мукаммал ўрганилиши, шоирнинг чоп этилаётган асарлари хусусида маълумот берди.
– Бобур одамларни меҳр-оқибатга, ўзаро аҳилликка чақирган зотдир, – деди адабиётшунос олим Нурбой Жабборов. – Бобур ижоди теран фалсафий ғоялари, юксак ва гўзал бадияти билан қадрлидир. Унинг “Рисолаи аруз” асарида Шарқ шеъриятининг поэтик жиҳатларига эътибор қаратилган. “Мубаййин” – фиқҳ илми бўйича тенгсиз асар. Айни пайтда “Бобурнома” асари тарих, география, жой номлари, этнография бўйича ниҳоятда тенгсиз асардир. Мазкур асарда Бобурнинг шоҳ ва шоир сифатидаги жиҳатлари яққол намоён бўлади. Бугун жаҳон олимлари ушбу асарни катта қизиқиш билан ўрганмоқдалар. Бобур асарларида миллий руҳ устувор бўлиши билан бирга умумбашарий эзгу ғоялар ҳам ўз аксини топгани унинг асарларига дунё миқёсидаги қизиқишга сабабдир. Бобокалонимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг эзгу амаллари, унинг мардлик, матонат каби инсоний фазилатлари бугун ҳам ғоят долзарб ва ибратлидир. Одатда Бобур ижоди ҳақида асосан февраль ойида гапириларди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 январдаги “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори асосида Бобур ижодини ўрганишга эътибор кучайди. Бу йил Бобур ижодини ўрганиш йили бўлди, десак муболаға бўлмайди.
– Бобур асарларининг халқимиз орасига кириб боришида олимлар, оммавий ахборот воситаларининг хизматлари ҳам катта бўлди, – деди бобуршунос олима Буробия Ражабова. – Бу жараёнларда ўзим ҳам бевосита иштирок этдим. Айни пайтда ҳазрати Бобурнинг энг катта асари – “Бобурнома”ни ўрганиш, унинг мазмун-моҳиятини тарғиб этишда фидойи ҳамюртимиз Зокиржон Машрабов бошчилик қилаётган Бобур номидаги халқаро жамғарманинг хизматлари, хорижий давлатларга экспедициялари ғоят катта аҳамиятга эгадир. Президентимиз қарори асосида бу йил Бобур энциклопедияси нашр этилди. Бобуршуносликка бағишланган халқаро конференциялар ўтказилди. Илмий изланишлар олиб борилди. Бобур шахсияти мардлик, жасорат, ўзгаларга яхшилик соғиниш каби фазилатлари боис ёшлар учун ғоят катта аҳамият касб этади.
– Бобур ижоди ҳамон тўлиғича ўрганилмаган, – деди Покистоннинг Панжоб университети олимаси Руҳшон Ифтихор хоним. – Бобур биз учун чинакам қаҳрамондир. Унинг ижодини ўрганишга Покистонда ҳам катта эътибор қаратилмоқда.
[gallery-14297]
Тантанали тадбирда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асари асосида саҳналаштирилган спектаклдан лавҳа Ўзбек Миллий академик драма театри актёрлари томонидан ижро этилди.
Жаҳоннинг турли давлатларида бобуршунослик бўйича изланиш олиб бораётган олимларнинг дил сўзлари видеотабрик тарзида янгради.
Ҳақиқатдан ҳам, бугун Бобур шахсияти халқимиз меҳри ва эътиқодини қозонди. Кўплаб оилаларда ота-оналар ўз фарзандига яхши ниятлар билан Бобур деб исм қўйиши анъанага айланди.
Тадбирда Бобур исмли юртдошларимиз эришган ютуқлар видеоролик орқали намойиш этилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъдодли ёш шоир Бобур Элмуродовнинг дил сўзлари, ҳақ сўз ва чин қалам соҳиби бўлган буюк шоир бобомизнинг ибратли ижоди ҳақидаги фикрлари янгради.
Тантанали кечада санъат усталари ва ижодкор ёшлар, Юнус Ражабий номидаги Мақом ансамбли иштирокидаги катта концерт дастури намойиш этилди. Жамоат хавфсизлиги университети курсантларининг бадиий чиқишлари кечага ўзгача руҳ бағишлади. Ёш шоирлар Бобур ижодидан намуналар ўқиди.
Тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов иштирок этди.
Назокат Усмонова, Муродхон Хўжаев (суратлар) , ЎзА