Гулистон шаҳридаги "Зомин" тантаналар мажмуасида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Акмалжон Маҳмудалиев, вилоят секторлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ҳамда 700 нафарга яқин фаол хотин-қизлар иштирок этди.
Тантана қатнашчиларини самимий қутлаган вилоят раҳбари, уларнинг тимсолида юртимиз аёллари ва сирдарёлик барча опа-сингилларимизга эзгу тилакларини изҳор этди. Бугунги кунда фермерлик ҳаракати, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқлар, илму фан, тиббиёт, таълим-тарбия, маданият ва санъат каби ўнлаб муҳим соҳа ва тармоқлар ривожини мунис ва дилбар хотин-қизларнинг иштирокисиз тасаввур этиб бўлмаслиги, эришилаётган ютуқларда уларнинг ўзига хос муносиб ўрни борлиги алоҳида таъкидланди.
Юртимизда Президентимиз бошчилигида мўътабар оналаримиз, қадрли опа-сингилларимиз ҳаётидан рози бўлишлари учун кенг кўламли ишлар олиб борилаётгани, ислоҳотлар самараси ҳар бир оила ва инсон ҳаёти мисолида яққол намоён бўлаётгани қайд этилди. Таъкидлаш керак, вилоятда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлиғини сақлаш, касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида қатор ижобий ишларга қўл урилмоқда.
[gallery-10855]
Жумладан, ўтган 2022 йилда кам таъминланган, уй-жойга муҳтож 161 нафар ногирон ҳамда ёлғиз оналар, шунингдек, боқувчисини йўқотган аёлларни ижтимоий уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида қарийб 14 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилди. Тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш ниятида бўлган хотин-қизларга 124 миллиард 664 миллион сўм кредит ва 7 миллиард 726 миллион сўмлик субсидия ажратилди. Оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларнинг 5 минг 70 нафарининг бандлиги таъминланди.
Эҳтиёжманд оилалардаги 50 нафар қизлар, давлат органлари ва ташкилотларда мутахассислиги бўйича камида беш йил меҳнат стажига эга, бироқ олий маълумотга эга бўлмаган хотин-қизларнинг 8 нафари давлат олий таълим муассасаларига имтиёзли асосда қабул қилинди. Шунингдек, 126 нафар талаба хотин-қизларнинг контракт тўловлари тўлаб берилди.
Байрам тадбирида вилоятнинг ижтимоий ҳаётидаги фаоллиги ва ташаббускорлиги, ўзининг меҳнати билан оила бахти ва фаровонлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшаётган, жамиятда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларни кенг тарғиб этиш борасида самарали меҳнат қилиб келаётган 14 нафар хотин-қизларга "Мўътабар аёл" кўкрак нишонлари тантанали равишда топширилди. Шу билан бирга, бир гуруҳ фаол хотин-қизлар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиғи ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Эл ардоғидаги таниқли санъаткорларнинг чиқишлари, қадрдон куй-қўшиқлар, мумтоз рақслар байрам тадбирига ўзгача шукуҳ, файз бағишлади.
Ш. Суяров, Ш. Ортиқбоев,(сурат) ЎзА