French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муҳсинжон Холмуҳамедов: Ўрта йўлак – минтақамизнинг стратегик келажаги
20:10 / 2025-12-04

Марказий Осиёда иқтисодий интеграция жараёни жадаллашиб, минтақанинг глобал бозор билан боғланиш салоҳияти тобора ошяпти. Транскаспий йўлаги ривожланиши, “яшил энергетика” лойиҳалари йўлга қўйилиши ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича янги ташаббуслар Ўзбекистон учун ҳам стратегик аҳамият касб этмоқда.

Минтақа давлатлари ўзаро боғлиқликни кучайтириш, транспорт-коммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш, янги инвестиция майдонларини шакллантириш орқали халқаро ҳамкорликнинг янги форматига қадам қўймоқда. Бу эса нафақат ташқи иқтисодий фаолликни кучайтирадиган, балки минтақанинг узоқ муддатли барқарор ривожланишини таъминлайдиган муҳим омил сифатида эътироф этилмоқда.

Ушбу жараёнлар Марказий Осиё мамлакатлари учун қандай имкониятлар очаётгани, қайси йўналишлар стратегик аҳамият касб этаётгани, шунингдек, минтақадаги саноат кооперацияси ва экспорт салоҳияти қай даражада кўтарилаётгани билан боғлиқ саволларга жавоб олиш учун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Муҳсинжон Холмуҳамедовга юзландик.

– Марказий Осиёда савдо-иқтисодий алоқалар янги босқичга кўтарилаётган бир пайтда минтақанинг ягона логистика маконини шакллантириш йўлидаги қайси ташаббуслар Ўзбекистон учун стратегик аҳамият касб этмоқда?

– Маълумки, Ўзбекистондан жаҳон океанига бевосита чиқиш йўли йўқлиги ташқи савдо ва иқтисодий ўсишни маълум даражада чеклаб турувчи омилдир. Шу боис бугунги геосиёсий вазиятда мамлакатимиз ва Марказий Осиё давлатлари учун энг устувор ташаббус Транскаспий халқаро транспорт йўлаги (Ўрта йўлак)ни ривожлантириш ҳисобланади. Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕTTБ) экспертларининг кўп мезонли баҳолаш тизимида айнан Марказий Транскаспий тармоғи Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги энг барқарор транспорт алоқаси сифатида эътироф этилган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Марказий Осиё ва Европанинг транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, аввало, ушбу йўлакни шакллантириш орқали амалга оширилиши лозим. Бундан ташқари минтақамиздаги беш давлатни Европа Иттифоқининг Трансевропа транспорт тармоғи (TEN-T) билан боғлаш ташаббуси ҳам стратегик аҳамиятга эга.

– Сўнгги йилларда республикамизга тўғридан-тўғри хорижий инвестиция оқими ўсиши кузатилмоқда. Марказий Осиёда барқарор сармоявий муҳитни шакллантиришда қайси соҳалар устувор салоҳият намоён этмоқда?

– Таҳлилга кўра, минтақада барқарор инвестиция муҳитини яратиш учун транспорт-логистика инфратузилмасини такомиллаштириш жуда муҳим. ЕТТБ тадқиқоти Транскаспий халқаро транспорт йўлагини сезиларли даражада яхшилаш учун минтақага қарийб 18,5 миллиард евро миқдорида инвестиция зарурлигини кўрсатмоқда. Бу маблағ темир йўл ва автомобиль йўлларини реконструкция қилиш, ҳаракатланувчи таркибни кенгайтириш ҳамда портларнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш ҳамда мультимодал логистика марказларини ривожлантиришга йўналтирилиши мақсадга мувофиқ. Шу тариқа, яъни инвесторлар учун очиқ мазкур лойиҳалар амалга оширилиши билан истиқболда – 2040 йилга бориб транзит муддати 13 кунгача қисқариши, контейнер ташуви сезиларли даражада кўпайиши кутиляпти.

Мамлакатимиз мисолида оладиган бўлсак, Фарғона водийси, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Навоий вилоятларида мультимодал логистика марказлари ҳамда А тоифали омборларни ривожлантириш истиқболли ҳисобланади. Шунингдек, чегараларда тирбандликни камайтириш учун “Оқ-кўприк” темир йўл станцияси ўтказувчанлик имкониятини кенгайтириш ва “Дарбоза – Ўзбекистон” янги темир йўл тизимини яратиш каби лойиҳалар ҳам инвесторлар учун жозибадор.

Юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан қонунчиликдаги ва институционал ўзгаришлар Марказий Осиёда инвестиция муҳитини тубдан яхшилашга хизмат қилмоқда. Мазкур ислоҳотлар натижасида турли соҳаларда улкан сармоявий салоҳият шаклланмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси, минтақавий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган ташаббуслари инвестиция учун ишончли пойдевор яратмоқда. Масалан, 2023 йил бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” учрашувида Президент Шавкат Мирзиёев Транскаспий йўлагини шакллантириш орқали транспорт-коммуникация боғлиқлигини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлаган. Ушбу йўлак салоҳиятидан фойдаланиш механизмини яратиш ва ваколатли вакилларнинг мунтазам учрашувларини ўтказиш таклифини илгари сурган. Бундай институционал ёндашув инвесторлар учун шаффофлик ва барқарорлик кафолатидир.

Эътироф этиш лозим, Янги Ўзбекистоннинг маъмурий ислоҳотлари бюрократияни камайтириш ва жараённи рақамлаштиришда намоён бўлмоқда. Хусусан, инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида “E-Permit”, “E-TIR”, “E-Transit” каби тизимларни жорий этиш ва божхона расмийлаштирувини рақамлаштириш жадаллаштирилмоқда. Бундай саъй-ҳаракатлар институционал ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида ташқи савдони енгиллаштиради.

Ислоҳотлар фақат транспорт соҳаси билан чекланиб қолмай, ҳудудлар саноатлашишини ҳам қамраб олган. Марказий Осиёнинг беш мамлакати инфратузилмасига сармоя киритиш учун 33 устувор йўналиш белгилаб олинган. Навоий (кончилик, кимё), Андижон (машинасозлик, нефть) ва Тошкент вилоятлари (қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электроника) Транскаспий йўлагида жойлашган бўлиб, бу ҳудудларда қўшма корхоналар, саноат кластерлари ташкил этиш учун улкан инвестициявий салоҳият мавжуд.

Умуман, ислоҳотларимиз нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун глобал иқтисодиётга интеграциялашиш, транспорт йўлакларини диверсификациялаш ва қонунчиликни халқаро стандартга мослаштириш орқали инвесторлар учун кенг имкониятлар яратмоқда.

– Минтақада муқобил транспорт йўлаклари ва “яшил энергетика” лойиҳалари кўпайиши ташқи бозорга чиқиш имконини кенгайтириши шубҳасиз. Бу жараён Ўзбекистон экспортчилари учун қай даражада истиқболли?

Геосиёсий кескинлик туфайли Шимолий йўналишлар бўйлаб юк ташишда юзага келган қийинчиликлар муқобил, хусусан Жанубий ва Транскаспий йўлаклари аҳамиятини оширди. Янги инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиши экспортчиларимиз учун транзит муддатини сезиларли қисқартириш имконини беради. Тахминга кўра, тегишли сармоявия лойиҳалар рўёбга чиқса, Транскаспий йўлаги орқали транзит вақти ҳозиргига нисбатан 30-45 кун камайиши мумкин.

Бундан ташқари Европа ва Марказий Осиё ўртасида барқарор транспорт алоқалари ўрнатилиши нафақат иқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлайди, балки экологик стандартга мослашишда ҳам қўшимча савдо афзалликларини тақдим этади. 2040 йилга бориб савдо кенгайиши билан Транскаспий тармоғидаги минтақавий ҳажм 470 000 контейнерга етиши кутиляпти. Натижада миллий маҳсулотларимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлиги ошади.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон ўртасида имзоланган келишувга асосан, Каспий денгизи туби орқали ўтадиган сим ёрдамида “Марказий Осиё – Озарбайжон – Европа” яшил энергия йўлаги барпо этилмоқда. Ушбу лойиҳа дорасида 2030 йилдан бошлаб кўҳна қитъага ҳар йили 10-15 миллиард кВт/соатгача “яшил” электр энергияси экспорт қилиш имкони яратилади. Бу Ўзбекистон учун газ ёки олтинга қарам бўлмаган, барқарор валюта тушумини таъминловчи янги манбадир.

Мамлакатимизда электр энергиясини шунчаки хом ашё сифатида сотиш эмас, балки юқори қийматли маҳсулотга айлантириш бўйича аниқ қадамлар қўйилмоқда. Саудия Арабистони “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида “яшил водород” ишлаб чиқариш синов лойиҳаси йўлга қўйилган. Айни ташаббуснинг дастлабки босқичида йилига 3 000 тонна яшил водород ишлаб чиқарилади. Кейинги босқичларда мазкур водород захираси масканида йилига тайёрланадиган 500 000 тонна “яшил” аммиакни жаҳон бозорига чиқариш режалаштирилган. “Яшил” аммиакдан олинадиган, анъанавийларига нисбатан 15-20 фоиз қиммат баҳоланадиган бу минерал ўғит ташқи савдоси кимё саноати рентабеллигини кескин оширади.

Энг муҳими, юқорида санаб ўтилган лойиҳалар мажмуи экспортчиларимизнинг қуйидаги стратегик муаммоларини бартараф қилади:

ЕИ чегарасидаги углерод солиғи талабига жавоб бериш учун “яшил” энергиядан фойдаланиш зарур. Яшил энергетика улуши 54 фоизга етиши ва “Яшил сертификат” тизими жорий этилиши тўқимачилик, металл, кимё каби маҳаллий маҳсулотларимиз Европа бозорига божсиз ёки имтиёзли киришини таъминлайди.

Яшил водород ва аммиак ишлаб чиқариш ҳисобига беҳисоб табиий газ иқтисод қилинади. Масалан, биргина водород лойиҳасида 33 миллион куб/метр газ тежалади). Шу тариқа табиий газни чуқурроқ қайта ишлашга йўналтириш имкони пайдо бўлади.

Дарвоқе, “яшил” энергия ишлаб чиқаришда 54 фоизлик маррага эришиш фақат энергетика масаласи эмас, балки Ўзбекистоннинг глобал “яшил” иқтисодиёт занжиридаги юқори технологик экспортчи давлат мақоми мустаҳкамланишининг ҳам асосий омилидир.

– Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида саноат кооперацияси ва қўшма ишлаб чиқаришни ривожлантириш тобора долзарблашмоқда. Сизнингча, қайси тармоқларда минтақавий қўшма кластерлар яратиш яхши натижа бериши мумкин?

Минтақавий иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришда Марказий Транскаспий йўлаги бўйлаб жойлашган саноат ҳудудларидан самарали фойдаланиш зарур.

Масалан, фойдали қазилма конларини бирга ўзлаштириш ва саноат кооперацияси бўйича уч томонлама дастур ишлаб чиқиш ташаббуси доирасида технология алмашинуви, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда минерал ресурслар экспорти учун техник стандартни ягона шаклга келтириш назарда тутилган.

Минтақа давлатлари чегара ҳудудларига инвестиция жалб этиш мақсадида, жумладан, бошқа мамлакатлардан ҳам имтиёзли солиқ режимига эга эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш керак. Бундай мажмуаларда қиймат яратиш занжири, жумладан маҳаллий хом ашёни қайта ишлаб, юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулот чиқариш мақсад қилинган.

Давлатлараро даражада мева-сабзавот, пахта-тўқимачилик, дон ва чорва агросаноат кластерлари тармоғи яратилади, озуқа етиштирадиган ва қайта ишлайдиган қўшма корхоналар ташкил этилади.

Чегара ҳудудларда қўшма туристик зона ва кластерлар ташкил этиш, хусусан Фарғона водийси сайёҳлик маҳсулотлари ва йўналишларини тарғиб қилиш учун ягона платформа яратиш режалаштирилган.

Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши доирасида қўшма транспорт логистика хаблари ташкил этилади, шу орқали уч давлат умумий транспорт тизими яратилади.

Энергетика (гидроэнергетика, қуёш ва шамол) салоҳиятини ўрганиш мақсадида қўшма тадқиқот ўтказиш, ҚТЭМ бўйича қўшма лойиҳалар амалга ошириш режасинини пухта ишлаб чиқиш, Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистондан Ҳиндистон ва Покистонга электр энергияси узатишни назарда тутувчи CASA-1000 лойиҳасидаги иштирокини таъминлаш режаси бор.

Айни пайт уч томонлама озиқ-овқат хавфсизлиги дастури қабул қилинган. Бу лойиҳа доирасида ўзаро озиқ-овқат алмашиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт/импортига чеклов жорий этилган ҳолатда, умумий квота тақдим этиш назарда тутилган.

Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик маҳсулотлари учун “Марказий Осиёда ишлаб чиқарилган” умумий брендини яратиш ва оммалаштириш, маҳсулот экспортини, жумладан, электрон тижорат орқали учинчи мамлакатлар бозорига биргаликда илгари суриш йўлидаги саъй-ҳаракат бирлаштирилади.

ЕИ, Хитой, АҚШ сингари истиқболли экспорт бозорлари талабига жавоб берадиган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини сертификатлайдиган қўшма лаборатория ташкил этиш мумкин. Бунинг натижасида экспорт миқдори сезиларли даражада ошади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз, Марказий Осиё давлатларини иқтисодий ривожлантириш йўлидаги умумий саъй-ҳаракат мавжуд салоҳият ва ресурсларни бирлаштириш, бутун минтақа учун узоқ муддатли барқарор ривожланишни таъминлайдиган минтақавий ҳамкорлик намунасига айланиши мумкин.

Дилшод Ҳакимов суҳбатлашди.

ЎзА