Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бўлим бошлиғи Халилулла Шеримбетов муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар йўналишидаги фаолиятнинг асосий кўрсаткичлари ҳақида маълумот берди.
Мутахассиснинг сўзларига кўра, мамлакатимизда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган умуртқали ҳайвонларнинг 102 тури, ўсимликларнинг 280 тури учрайди.
Ҳозирда Ўзбекистонда 7 та давлат қўриқхонаси, 1 та мажмуа (ландшафт) буюртма қўриқхонаси, 12 та табиат боғи, 1 та миллий боғ, 11 та табиат ёдгорлиги, 2 та биосфера резервати, 12 та буюртма қўриқхонаси, 1 та Бухоро ихтисослаштирилган “Жайрон” питомниги мавжуд.
Мазкур ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига киритилган умуртқали ҳайвонларнинг 102 тури, ўсимликларнинг 280 тури учрайди. Ушбу муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг 26 таси юридик мақомга эга. Уларнинг 24 таси Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тизимида, 1 таси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда биттаси “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфидадир. 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг умумий майдони 6,321 миллион гектарга етказилди ва уларнинг мамлакатимиз ҳудудидаги улуши 14,08 фоизни ташкил қилмоқда.
Халқаро йўналишда ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2016 йилда Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси (Майдонтол участкаси) ва Угам-Чотқол давлат биосфера резерватининг қўриқхона зонаси (Бошқизилсой участкаси) ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига ҳамда 2021 йилда Қуйи Амударё давлат биосфера резервати ЮНЕСКОнинг Бутунжахон биосфера резерватлари тармоғи рўйхатига киритилган.
2022 йилда Ўзбекистон Республикаси томонидан “Сайгачий” мажмуа буюртма қўриқхонаси ва “Жанубий Устюрт” миллий табиат боғи киритилган “Мўътадил минтақадаги Турон чўллари” кўпмиллатли номзодномаси Бутунжаҳон мероси қўмитасига тақдим этилган. Қуйимозор ва Тўдакўл сув омборлари (2020 йилда), “Судочье” кўллар тизими (2023 йилда) Ўзбекистон Республикасининг ҳалқаро аҳамиятга эга сув-ботқоқлик ҳудуди сифатида Рамсар Конвенциясининг рўйхатига киритилган.
2023-2025 йилларда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, “Чотқол” давлат биосфера ва “Оқтоғ-Томди” давлат қўриқхоналарининг қўриқланма зоналарини белгилаш, “Қуйи Амударё” давлат биосфера резерватининг “Бодай-тўқай” участкаси ҳудудига Амударёдан сув чиқариш ишларини амалга ошириш, Ҳисор давлат қўриқхонасининг “Сувтушар шаршараси” экотуристик объекти инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА