Муқаддам суд томонидан тайинланган жазога нисбатан эътиборсизлик қилган аёлнинг кейинги тақдири бевосита панжара ортига туташди. Шу лаҳзаларда кўнглини эгаллаган қаттиқ пушаймонлик унга тинчлик бермасди. Кўзида ёш билан ўтган кунларини сўзлаб бераётган аёл яқинлари учун муҳим сўзлари борлигини айтиб, барчадан кечирим сўради. Афсуски, бу пушаймонлик иқрорлари аввалроқ бўлганида, балки у совуқ панжаралар ортида яшамаган, яқинларини уятли ҳолга қўймаган бўларди. Бироқ кеч бўлсада, хатосини тушунгани, иқрорлиги унга яна бир имкониятни тақдим этди.
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят Кўкдала тумани судининг сайёр суд мажлисида намунали жазо ўтаган, тузалиш йўлига қайтган бир гуруҳ маҳкумларга нисбатан туман ИИБ бошлиғининг тақдимномалари муҳокама қилинди. Муҳокамалар жараёнида маҳкумларнинг жазо ўташ қоидаларига қай даражада амал қилганликларига асосий эътибор қаратиларкан, берилган хулосаларга кўра якуний қарор қабул қилинди.

Бўлиб ўтган суд жараёнида туман ички ишлар бўлими томонидан судларга киритилган тақдимномалар асосида 9 нафар маҳкум муддатидан аввал шартли равишда озод қилинди.
Кимдир билиб, кимдир билмай жиноят содир этаркан, ўтган вақт давомида улар қилмишлари хусусида етарлича хулоса чиқарганлиги маълум бўлди.

– Англашилмовчилик сабаб нотўғри йўлдан юриб, жиноятчилик кўчасига кириб қолдим, – дейди Жамшидбек Авлаев. – Қилган ишимдан пушаймонман. Менга озодликни чеклаш жазоси тайинланган эди. Ўтган бир йил давомида белгиланган тартиб қоидаларга амал қилдим. Очиғи жиноятчи деган тамғани менга нисбатан айтилишининг ўзи кун сайин қалбимни тирнарди. Мана ниҳоят муддатидан олдин шартли равишда озод этилдим. Бундан жуда миннатдорман. Ўтган вақт менга катта сабоқ бўлди ва жиноятчилик кўчасига энди асло кирмайман. Ҳалол меҳнат қилиб яшашга астойдил ҳаракат қиламан.
Инсонпарварлик тамойилининг амалдаги ифодаси бўлган сайёр судлар бир сўз билан айтганда, адашган юртдошларимиз кўнглига хотиржамлик олиб киришга яқиндан ёрдам бермоқда. Ҳаётда ҳамма ҳам иккинчи имконни олишга ҳақли. Аммо энг муҳими қилган хатони англаб етиш ва уни қайта такрорламасликдир.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири