English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муҳим учрашув, фармацевтика маҳсулотлари намойиши ва халқаро ҳамкорлик...
13:25 / 2023-12-15

Тиббиёт хабарлари

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Германия тараққиёт банки (“KfW”)нинг Марказий Осиё, Кавказ ва Шарқий Европа департаменти бошлиғи бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.  

Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари атрофлича муҳокама этилди.  

“KfW” билан ҳамкорликда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш, тиббий муассасаларни модернизация қилиш, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, муқобил энергия манбаи билан таъминлаш ва тиббий таълим бўйича қатор инвестициявий ва грант лойиҳаси амалга оширилмоқда.  

Хусусан, “Туберкулёз касаллигига қарши кураш” грант лойиҳасининг 5- ва 6-босқичи, “Ҳудудий кўп тармоқли тиббиёт марказларида телерадиологияни жорий этиш” ҳамда вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш шулар жумласидан.  

Мулоқот давомида ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланиб, молиявий келишув доирасида стратегик шерикликни йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.  

Шунингдек, учрашувда кейинги йил Германияда икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида бўлиб ўтадиган музокараларда янги лойиҳаларга маблағ ажратиш бўйича вазирликнинг таклифлари тингланди.  

Мулоқот якунида “Термиз шаҳрида тиббий кадрлар тайёрлаш ва қўшимча таълимни модернизация қилиш” лойиҳасини йўлга қўйиш юзасидан муҳим келишув имзоланди.  

Унинг доирасида Термиз шаҳридаги тиббиёт коллежини зарур жиҳозлар, шу жумладан, симуляцион ускуналар билан таъминлаш орқали тиббиёт ходимлари тайёрланади.  

*** 

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида ташкил этилган  тармоқлараро саноат ярмаркасида автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебелсозлик, фармацевтика, кимё саноати, қурилиш материаллари ҳамда озиқ-овқатни ишлаб чиқариш соҳаларига ихтисослашган йирик, ўрта ва кичик бизнес вакиллари ўз маҳсулотлари билан иштирок этди. Бу эса ўз навбатида ҳамкорларни топиш, В2В ва В2G форматидаги учрашувларни ўтказиш, шунингдек, new.cooperation.uz электрон кооперация портали орқали шартномаларни тузиш имконини берди.  

Ярмаркада фармацевтика соҳасидаги дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникаларни ишлаб чиқарувчи корхоналар иштирок этди.  

***  

Самарқанд давлат тиббиёт университети тиббиёт соҳасидаги жаҳоннинг бир қатор олийгоҳлари, жумладан, Хитой давлатидаги ОТМлар билан ҳам мустаҳкам алоқалар ўрнатган бўлиб, улар билан доимий академик алмашинув ва биргаликдаги лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда.  

Хитойнинг Хинжианг тиббиёт университети делегациясининг Самарқанд давлат тиббиёт университетига ташрифи чоғида “Бир макон бир йўл” дастурига таянган ҳолда икки муассаса ўртасида ҳамкорлик қилишга, хусусан, илмий алмашинув, қўшма лабораториялар ташкил этиш, қўшма замонавий технопарк ташкил этиш каби лойиҳалар устида келишиб олинди.  

Учрашув сўнггида СамДТУ ректори Жасур Ризаев меҳмонларга университет рамзи туширилган эсдалик совғаларини топширди.  

 

Моҳигул Қосимова тайёрлади, ЎзА