Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Муҳим ташаббуслар ёшларнинг қизиқишларига мос шаклда амалга оширилмоқда
10:47 / 2025-11-07

Бугунги глобаллашув ва технологиялар асрида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини тўлиқ намоён этиш мамлакатимиз тараққиётининг энг муҳим жиҳатларидан бири. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган “Беш муҳим ташаббус” ёшларнинг маънавий, жисмоний ва интеллектуал ривожланишини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

Замон ўтган сари бу ташаббусларни адаптив, яъни замонавий шароит ва ёшларнинг қизиқишларига мос шаклда амалга ошириш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Биринчи ташаббус ёшларни маданият, санъат ва адабиётга жалб этишни кўзда тутади. Адаптив ёндашувда бу йўналишда рақамли санъат, графика дизайни, контент яратиш, онлайн ижод платформалари каби йўналишлар кенг ривожланмоқда. Бу орқали ёшлар нафақат анъанавий, балки замонавий санъат турларини ҳам эгаллаб, ижодий фикрлашни ўрганмоқда.

Иккинчи ташаббус ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишга чорласа, адаптив шаклда бу онлайн спорт дастурлари, фитнес иловалари, мотивацион видеолар ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи рақамли лойиҳалар орқали амалга оширилмоқда.

Учинчи ташаббус ёшларни IТ соҳасига жалб этишга қаратилган. Ҳозирда адаптив шаклда дастурлаш, сунъий интеллект, кибермуҳофаза, дизайн ва рақамли маркетинг бўйича ўқув курслари кенг йўлга қўйилган. Бу эса ёшларнинг замонавий касбларни эгаллашига замин яратмоқда.

Тўртинчи ташаббус ёшлар ўртасида китоб ўқиш маданиятини кенг тарғиб этади. Бугунги кунда аудиокитоблар, e-book платформалар, онлайн кутубхоналар ва виртуал китоб клублари орқали ўқишга бўлган қизиқиш янада ортмоқда. Бу — ташаббуснинг энг самарали адаптив кўринишларидан бири.

Бешинчи ташаббус хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва уларни касб-ҳунар ўрганишга жалб этишга қаратилган. Замонавий адаптив ёндашув орқали масофавий ўқитиш, онлайн курслар, фриланcинг имкониятлари яратилиб, кўплаб аёллар иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда фаол иштирок этмоқда.

Мазкур ташаббуслар ёшларнинг қизиқиши, технологик саводхонлиги ва ижодкорлигини ошириш орқали жамиятимизда фаол, билимли ва ватанпарвар авлодни шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Қисқа фурсатда мамлакатимизда адаптив спорт йўналишига қизиқадиган алоҳида таълим эҳтиёжларига эга болалар учун махсус мусобақалар тизими – “Беш ташаббус паралимпиадаси” спорт ўйинлари жорий этилди.

Жорий йилнинг 2-5 ноябрь кунлари пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да кар ва заиф эшитувчи болалар мактаб-интернатлари, “Нурли маскан” мактаблари, таянч-ҳаракат тизими бузилган болалар ҳамда ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг 9-11-синф ўқувчилари учун “Беш ташаббус паралимпиадаси” спорт ўйинлари ташкил этилди.

Матонат ва ирода соҳибларига чинакам спорт байрамини туҳфа этган беллашувларда Тошкент вилояти вакиллари муносиб натижаларга эришди. Қизиқарли кечган мусобақалар якунида вилоятдаги махсус мактаб-интернатларининг 20 нафар ўқувчиси 5 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 2-ўринни эгаллади.

Ушбу натижа Тошкент вилоятининг иродали спортчи ёшларида ўз куч ва истеъдодига, эртанги кунга ишончни оширди. Бу ғалаба, бу ишонч ирода соҳиблари қалбида соғлом турмуш тарзига, спорт машғулотларига меҳрни ошириш билан бир қаторда, Ватан тараққиётига ўз ҳиссасини қўшиш истагини жилолантирса, не тонг.

Даврон ВАҲОБОВ,

Адаптив спорт турлари ассоциацияси 

Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

Озода АКБАРОВА,

Адаптив спорт турлари ассоциацияси 

Тошкент вилояти бошқармаси бош мутахассиси